«Ҳаж-2022» мавсуми учун 1 нафар зиёратчига тўлов миқдори 62 млн 900 минг сўм этиб белгиланди. Бу ҳақда АОКАда ўтган брифингда Дин ишлари бўйича қўмита ахборот хизмати раҳбари Илҳом Маърупов маълум қилди.

Қайд этилишича, нархларнинг ошишига Саудия ҳукумати томонидан ҳаж сафари нархига таъсир қилувчи қўшимча солиқ ва мажбурий тўловлар жорий қилингани сабаб бўлган. Шунингдек, коммунал, транспорт, электр-энергия ва бошқа хизматлар учун тўловлар миқдори бир неча баравар (30−40 фоиз) ошгани маълум қилинган.

2019 йилда ҳаж сафари харажатлари 33,3 млн сўмгача туширилганди, яъни аввалги йилга қараганда ҳаж ибодатини амалга ошириш 10 млн сўмга арзонлаштирилганди. 2022 йилда белгиланган тўлов миқдорига солиштирганда, нархлар 29,6 млн сўмга қимматлади.

Илҳом Маъруповнинг сўзларига кўра, Ҳаж амалларини ташкил этувчи муассасаларнинг хизматларига 2022 йилда янги мажбурий тўловлар жорий этилган. «Шу боис дунё мамлакатлари учун ҳаж хизматлари нархи ўртача 40−45 фоизга кўтарилган», — дейилади хабарда.

Эслатиб ўтамиз, бу йил Ўзбекистондан 10 865 киши ҳаж сафарига боради. 2019 йилда бу кўрсаткич 7 200 нафар эди.