Ўзбекистонлик зиёратчиларнинг Саудия Арабистонига умра ва ҳаж зиёрати учун бориши нархлари арзонлаштирилди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита мабуот хизмати хабар берди.

2016 йилда Ўзбекистондан 5200 киши ҳаж амалларини адо этиб келган бўлса, 2017 йилдан бошлаб уларнинг сони 7200 нафарга етди.

Илгари умра зиёратига фуқароларимиз чекланган квота асосида юборилган бўлса, ўтган йилдан эътиборан фуқароларга йил давомида квотасиз умра зиёратига юбориш имконияти яратилди.

Президент Шавкат Мирзиёевнинг шахсий ташаббусига асосан фуқароларга ҳаж ва умра сафари мобайнида кўрсатиладиган хизматлар сифатини янада ошириш, сарф-харажатларни арзонлаштириш мақсадида махсус ишчи гуруҳи ташкил этилиб, Саудия Арабистонидаги ширкатлар билан музокаралар олиб борилди.

2018 йилда Ўзбекистон фуқаролари учун ҳаж зиёратини амалга ошириш харажатлари 38 миллион сўмни ташкил этган эди. 2019 йилдан Саудия Арабистонида барча хизматларга 5 фоизлик қўшилган қиймат солиғи ва меҳмонхоналарга 2,5 фоизлик солиқ киритилди. Шунга кўра бу йил ҳаж зиёрати сарф-харажатлари тахминан 42−43 миллион сўм бўлиши кутилаётган эди.

Шавкат Мирзиёевнинг ҳаракатлари натижасида жорий йилдан ҳаж сафари харажатлари 33,3 миллион сўмгача туширилди, яъний ҳаж ибодатини амалга оширишни 10 миллион сўмга арзонлаштиришга эришилди. «Ҳаж-2019» мавсумидан сўнг умра сафари 1,3 миллионга арзонлаштирилди. Шунингдек, «Ҳаж-2018» тўловидан ортган 926,5 минг сўм миқдоридаги маблағ ҳар бир зиёратчига қайтириб берилди.