Халқ таълими вазирлиги тизимидаги давлат таълим муассасаларига 1-синф ўқувчиларини қабул қилиш, бошқа мактабга кўчириш бўйича аниқ механизмлар ишлаб чиқилди.

Бу ҳукуматнинг 1 июндаги «Халқ таълими тизимида давлат хизматларини кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида»ги [295-сон] қарорида қайд этилган, деб хабар берди Адлия вазирлиги.

Ҳужжат билан қуйидагилар бўйича давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентлари тасдиқланди:

  • болаларни давлат мактабларига қабул қилиш ҳамда ўқувчиларни бир мактабдан бошқасига ўтказиш;
  • чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар фарзандларини мактабга қабул қилиш учун аризалар олиш;
  • экстериат тартибида имтиҳонлар олиш учун аризалар қабул қилиш;
  • умумий ўрта таълим тўғрисидаги расмий давлат ҳужжатлари дубликатини бериш.

Ҳужжатга кўра, ўқувчиларни 1-синфга қабул қилиш ва мактабини ўзгартириш бўйича давлат хизматлари кўрсатиладиган ҳудудлар рўйхати ҳар йили 1 майгача тасдиқланади ва Халқ таълими вазирлиги расмий веб-сайтида эълон қилинади.

Шунингдек, болалар 1-синфга 7 ёшга тўладиган йилда қабул қилиниши белгиланмоқда. Давлат хизмати кўрсатилгани учун ариза берувчидан йиғим ундирилмайди.

Ўз навбатида, ариза берувчи микроҳудуд бўйича мактабга қабул қилиш учун ҳар йили 20 июндан 31 июлгача ЯИДХП ёки Халқ таълими вазирлигининг электрон хизматлар порталида рўйхатдан ўтиши кўзда тутилган. Ариза берувчининг яшаш манзили бўйича у ўқиган мактабдаги каби таълим тили бўлмаган тақдирда, яқин ҳудудда жойлашган бошқа мактаб микроҳудуд сифатида кўрсатилиши мумкин.

Ариза ҳудудий халқ таълими бошқармаси томонидан 3 иш кунида кўриб чиқилиб, микроҳудуд бўйича мактабга юборилади ёки сабаби кўрсатилган ҳолда қайтарилади. Бу ҳақда ариза берувчиларга хабар юборилади. Шунингдек, ариза берувчи фарзанди билан биргаликда микроҳудуд бўйича юборилган мактабга онлайн навбат асосида бориши ва боланинг соғлиғи тўғрисидаги тиббий маълумотномани мактабга тақдим этиши белгиланган.

Ҳужжатга кўра, болани мактабга олиш ёки рад этиш тўғрисида қарор мактаб қабул комиссияси томонидан 1 иш кунида кўриб чиқилади.

Болани мактабга қабул қилишни рад этишда комиссия учта асосга эга бўлиши белгиланмоқда. Унга кўра:

  • тиббий маълумотномада мактабда таълим олиш тавсия этилмаган бўлса;
  • танланган тилда бола бошланғич сўзлашув кўникмасига эга бўлмаса;
  • сўровномадаги маълумотлар нотўғрилиги аниқланса.

Шунингдек, умумтаълим мактабларининг ўқувчи ўрни, малакали педагог кадрлар билан таъминланганлиги, синф хоналарининг ўқув мебеллари билан жиҳозланганлигидан келиб чиқиб, умумтаълим мактабларининг бўш ўринларига микроҳудуддан ташқари қўшимча қабул жараёнлари 2022 йилнинг 1−15 август кунлари амалга оширилади.

Мазкур тартиб фақатгина Халқ таълими вазирлиги тизимидаги мактабларга нисбатан қўлланилади.