Қашқадарёнинг Қарши шаҳрида хавфсизлик камарига ёзилган жарима сабаб тўполон кўтарган ҳайдовчиларнинг 3 нафари қамалди. Бу ҳақда ИИВ матбуот котиби Шохруҳ Гиясов маълум қилди.

26 май куни Қарши шаҳридаги Транспорт коллежи рўпарасида хавфсизлик камарига ёзилган жарималар сабаб бир неча ҳайдовчилар норозилик билан йўлни тўсиб қўйган. Ички ишлар органлари ҳолатни ўрганганда, улар хусусий корхонада рўйхатдан ўтиб, киракашлик қилаётган 3 нафар ҳайдовчи экани маълум бўлди.

Мазкур ҳолат бўйича маъмурий иши ҳужжатлари ЖИБ Қарши шаҳар судига юборилган. Уларнинг ҳар бирига нисбатан МЖтКнинг 201-моддаси 1-қисми (Жамоат тартибини бузиш) билан 10 суткадан қамоқ жазоси тайинланди.

Бундан ташқари, жамоат тартибини бузиш воқеасида қатнашган 12 нафар ҳайдовчи ҳам огоҳлантирилди.

Аввалроқ, мазкур ҳолат бўйича муносабат билдирган ИИВ ЙҲХББ матбуот хизмати такси ҳайдовчилари «хавфсизлик камаридан фойдаланиш қоидаларига амал қилмасдан, содир этган қоидабузарликларини бекор қилишни сўраб масъулларга мурожаат билан чиқишганини» қайд этганди.