1 июндан Ўзбекистонда давлат ғаллани бозор нархларида сотиб олишни бошлайди. Фермер ва кластерлар ўзлари етиштирган донни биржада сотишлари мумкин бўлади. Доннинг харид нархи 1,55 млн сўмдан 3 млн сўмга ошади. Шу билан бирга, июль-август ойларида биржада шаклланган ўртача нархлардан келиб чиқиб, фермерларга ўртадаги фарқ тўлаб берилади.

Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги «Газета.uz»га дон бозорини эркинлаштириш, ушбу бозорнинг жозибадорлигини ошириш ва ун нархи ошишининг олдини олиш чоралари ҳақида маълумот берди.

Шу пайтгача давлат ресурсларига харид қилинган буғдойдан фақат «Ўздонмаҳсулот» компанияси тизимидаги корхоналар томонидан ун ишлаб чиқарилган. Энди буғдой биржа савдоларида барча ун ишлаб чиқарувчиларга эркин сотилади.

«Рақобат пайдо бўлади, тадбиркорлар сифат ва нарх жиҳатдан устунликка эришишга интилишни бошлайди», — дейилади Иқтисодий тараққиёт вазирлиги хабарида.

Сўнгги йилларда Ўзбекистонда қуввати қарийб 3 млн тонна бўлган 160 дан ортиқ йирик хусусий дон корхоналари иш бошлади. Ўтган йили республика бўйича қарийб 3,5 млн тонна ун ишлаб чиқарилган бўлиб, шундан 54 фоизи хусусий дон корхоналари ҳиссасига тўғри келди.

Давлат статистика қўмитасининг маълумотларига кўра, жорий йил май ойи бошида 1 килограмм уннинг чакана нархи ўртача 5400 сўмни ташкил этгани ҳолда I навли маҳаллий ун Қорақалпоғистонда — 5 820 сўм, Тошкент шаҳрида — 5690 сўм, Бухорода — 5600 сўм, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларида — 5000 минг сўмгача сотилган.

Биржада буғдой сотиш амалиёти жорий этилганидан кейин ун таннархи кўрсатилган нархлар даражасида қолиши кутилмоқда.

«Амалиёт шуни кўрсатадики апрель ойининг охири ва май ойининг I декадасида ун истеъмоли энг юқори даражага чиқади. Бу эса нархларнинг ошишида ўз аксини топади. Буғдойнинг эркин нархларда харид қилиниши ва ун маҳсулотининг биржада эркин нархларда сотилиши бозор нархларининг барқарорлашувига олиб келади. Буни 2019 йилда ун маҳсулотини биржада сотиш тажрибасидан ҳам кўришимиз мумкин», — дейилади вазирлик ахборотида.

Хусусан, 2019 йилнинг октябрида ун дастлаб биржа савдоларига қўйилган дастлабки кунларда нарх айрим ҳудудларда 20 фоиздан ортиқ ошганига қарамасдан кейинчалик нархлар пасайди ҳамда 2019 йилнинг октябридан 2020 йилнинг май ойигача бўлган даврда ун нархи 10,4 фоизга ошган, ёки эркин бозорда шаклланган нархлар даражасида сақланиб қолган.

Иқтисодий тараққиёт вазирлиги ички бозордаги нархлар жаҳон бозоридаги нархларга бевосита боғлиқлигини, чунки мамлакатда етиштирилаётган ғалла ҳажми ички талабни тўлиқ қопламаслигини таъкидлади. Ўзбекистон 2019 йилда 2,2 млн тонна, 2020 йилда 2,8 млн тонна ва 2021 йилда 2,77 млн тонна буғдой импорт қилган.

Ўз навбатида, ушбу буғдойни қайта ишлашдан олинган ун маҳсулотининг бир қисми экспорт қилинган, жумладан 2019 йилда — 419 минг тонна, 2020 йилда — 737 минг тонна ва 2021 йилда — 949 минг тонна.

2021 йилда юз берган қурғоқчилик сабабли Ўзбекистонда дон етиштириш ҳажми ўтган йилларга нисбатан бироз камайди. Шу билан бирга республикага асосий дон экспорт қилувчи Қозоғистонда ҳам 2021 йилда ғалла ҳосили олдинги йилларга нисбатан кам бўлгани ҳамда Россия ва Украина ўртасидаги зиддият туфайли Россия томонидан дон экспортининг тўлиқ тўхтатилиши минтақа бозорларидаги нархлар ошишига сабаб бўлди.

«Мутахасисларнинг маълумотларига ва бизнинг кузатишларимизга кўра жорий йилда Ўзбекистонда ўтган йилга нисбатан юқори ҳосил кутилмоқда, бундан ташқари, Қозоғистонда ҳам ўтган йилларга нисбатан дон ҳосили юқори бўлиши кутилмоқда. Қолаверса Россияда юқори ҳосил кутилиши баробарида ўтган йил ҳосилидан 15 млн тонна атрофида буғдой қолдиғи мавжуд. Ушбу ҳолатларнинг барчаси жорий йилда ун нархларининг мўтадиллашувига ва кейинчалик кўп йиллик ўртача нархлар даражасигача пасайишига олиб келади», — дейилади вазирлик хабарида.

Иқтисодий тараққиёт вазирлиги маҳаллий буғдой нархини ошириш зарурлиги бўйича интернетда тарқалаётган баёнотларга ҳам жавоб қайтарди. Шу билан бирга, кўпчилик импорт қилинадиган ун нархининг ошишини тушунарли деб ҳисоблайди.

«Аввало эътибор қаратишимиз керакки, буғдой нархи ошириляпти эмас, балки эркинлаштирилмоқда. Унинг нархини бозордаги талаб ва таклиф белгилайди. Мулкчилик шаклидан қатъий назар барча дон етиштирувчилар, шу жумладан фермер хўжаликлари тадбиркорлик субъекти ва улар ҳам буғдой ёки бошқа маҳсулот етиштириш учун сарфлаган харажатларини қоплаши баробарида ўз фаолиятидан маълум кичик миқдорда бўлса ҳам фойда олмаса дон етиштиришнинг маъноси нима бўлади? Дон етиштириш ҳам бизнес. Бизнингча бундай фаолият олиб боришни ҳохловчи, бунақа бизнес билан шуғулланишга тайёр тадбиркор топилмаса керак», — дейилади вазирлик хабарида.

Вазирликнинг тушунтиришича, дон нархларининг сунъий равишда паст даражада ушлаб келиниши дон етиштирувчиларнинг молиявий имкониятларини чеклаб уларга ҳосилдорликни ва ялпи ҳосилни ошириш борасида иш олиб боришларига имкон бермаган.

«Бу йўналишнинг эркинлаштирилиши яқин 5 йилликда мамлакатда дон ишлаб чиқариш ҳажмларининг сезиларли ўсишига ва импортининг анчагина камайишига олиб келиши аниқ», — деб ҳисоблайди Иқтисодий тараққиёт вазирлиги.

Ҳукумат ун нархининг кескин ошишига йўл қўймаслик учун қатор чора-тадбирлар ишлаб чиқди.

Амалдаги қонунчиликда Ўзбекистонда етиштирилган буғдойни ёки уни қайта ишлашдан олинган ун маҳсулотини экспорт қилиш тақиқланган. Республикада етиштирилган буғдойнинг ички бозорда тўлиқ сақланиб қолиши ички бозорда ун нархлари мўътадиллигини сақловчи омил ҳисобланади.

Бундан ташқари, республикада етарли миқдорда буғдой заҳираси яратилган бўлиб зарур ҳолларда ушбу буғдой ички бозор таъминотига йўналтирилиши мумкин. Шу билан бирга, ички бозорни ун ва буғдой билан таъминлаш мақсадида ҳукумат томонидан қўшимча чоралар белгиланган.

Ушбу чоралар билан биргаликда амалдаги қонунчилик доирасида Монополияга қарши курашиш қўмитаси ва бошқа масъул давлат идоралари томонидан ун ишлаб чиқарувчилар томонидан нархларнинг сунъий оширилишига қарши тезкор чоралар кўриб борилиши таъминланади, дея қайд этди вазирлик.

Иқтисодий тараққиёт вазирлиги бозорда қарийб 3 млн тонна донни қайта ишлаш қувватига эга хусусий дон корхоналари фаолият юритаётганини эслатди.

«Бошқача айтганда, ушбу соҳада рақобат муҳити тўлиқ шаклланган десак адашмаймиз. Ўз-ўзидан маълумки рақобат муҳити нархларнинг сунъий равишда ошиб кетишига йўл қўймайди. Ун ва қолипли нон нархларини биз доимий равишда кузатиб борамиз», — дейилади вазирлик хабарида.

Президент Шавкат Мирзиёев 11 май куни бўлиб ўтган йиғилишда вилоят ҳокимлари ва прокурорларига дон етиштиришда бозор механизмларини жорий этиш натижасида ун ишлаб чиқаришни қисқартириш ва нархларни асоссиз оширишга йўл қўймаслик, акс ҳолда бу «саботаж» сифатида баҳоланиши ҳақида топшириқ берган эди.