Ўзбекистонда 15 октябрдан ун нархининг давлат томонидан белгиланишига чек қўйди. Бу Вазирлар Маҳкамасининг 14 октябрдаги «Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида"ги қарорида ўз аксини топди.

Нима ўзгарди?

15 октябрдан бошлаб ун ишлаб чиқаришга йўналтириладиган буғдойдан бошқа барча ғаллани барча истеъмолчиларга ҳеч қандай чекловларсиз тўлиқ биржа савдолари орқали сотиш жорий этилмоқда. Бунда буғдойнинг дастлабки нархи сотувчи томонидан амалдаги харид нархлари ҳамда ишлаб чиқариш, ташиш, сақлаш ва бошқа харажатларга асосланиб шакллантирилади.

Давлат харидлари доирасида сотиб олинган буғдойни қайта ишлашдан олинган ун барча истеъмолчиларга тўлов 100 фоиз олдиндан тўланган ҳолда очиқ биржаларда сотилади. Айни вақтда, 1 декабрга қадар ёки ўтиш даврида қолипли нон ишлаб чиқарувчиларга биржа савдоларида сотиб олинган ун учун олдиндан тўлов миқдори 30 фоиз миқдорида белгиланиб, якуний ҳисоб-китобни 10 кун ичида амалга оширишга рухсат берилмоқда.

Қарор билан ун нархи кескин ошиб кетишининг олдини олиш мақсадида ун ишлаб чиқаришга бериладиган бир тонна буғдойнинг улгуржи нархи 1 млн. 300 минг сўм миқдорида белгиланмоқда. Яъни, буғдойнинг ўртача харид нархи 1 млн. 420 минг сўмлигини ҳисобга олсак ҳар бир тонна буғдойнинг нархидан 120 минг сўми давлат томонидан қоплаб берилади.

Ун ишлаб чиқариш учун фойдаланиладиган буғдой «Ўздонмаҳсулот» корхоналари ўртасида ички айланмаси ишлаб чиқариш, ташиш ва сақлаш харажатларини ҳисобга олган ҳолда ҚҚСсиз улгуржи нархларда (1,3 млн сўм) амалга оширилади.

Нон нархи яна кўтариладими? Ун нархининг либераллашуви қолипли нон нархига таъсир кўрсатиб улгурди — 15 октябрдан Тошкентда унинг нархи 1350 сўмдан 1500 сўмга кўтарилди. Қарорга берилган шарҳда келтирилишича, ўрганишлар ун ва нон нархини сунъий равишда ушлаб туриш сиёсати амалда ўзини оқламаганини, давлат томонидан белгилаб берилган арзон нархдаги ун ва нон маҳсулотлари аксарият ҳолларда аҳолига етиб бормаётганлигини ва давлат томонидан дон етиштириш, ун ва нон ишлаб чиқариш соҳаларига берилаётган имтиёзлар кутилган натижани бермаётганлигини кўрсатди.

15 октябрга мамлакатда ишлаб чиқарилган 1 кг биринчи навли ун нархи 1400 сўм этиб белгиланган. Ваҳоланки бир тонна ун ишлаб чиқариш учун 1 тонна 333 килограммдан ортиқ буғдой сарфланишини ҳисобга олсак, бир тонна ун ишлаб чиқариш учун ўртача харид нархида ҳисоблаганда салкам 1,9 млн сўмлик буғдой сарфланади. Яъни, уннинг белгиланган улгуржи нархи билан сарфланадиган буғдой қиймати ўртасидаги фарқнинг ўзи, бошқа харажатларни ҳисобламаган тақдирда ҳам 500 минг сўмни ташкил этмоқда ёки ун ишлаб чиқарувчи шунча зарар кўрмоқда.

Шу сабабдан ҳам 2 октябрь куни Ўзбекистон фермер, деҳқон хўжаликлари ва томорқа ер эгалари Кенгаши буғдой, ун ва нон нархини либераллаштиришни сўраб ҳукуматга мурожаат қилди. Фермерлар нархларнинг бошқарилиши уларнинг эртанги кунга ишончига салбий таъсир кўрсатаётганини таъкидлашди.

Либерализация — яхшими?

Молия вазирлиги нархларнинг бозор нархлари асосида либераллаштирилиши ресурсларнинг самарали тақсимланиши ҳамда бозорда соғлом рақобатга хизмат қилишини таъкидлади. Бунда ҳам ишлаб чиқарувчиларнинг, ҳам истеъмолчиларнинг манфаатлари ҳисобга олинади.

Бундан ташқари, янги механизмнинг ун комбинатлари манфаатдорлигини ошириб, ишлаб чиқариш қувватларини модернизация қилишлари учун молиявий имкониятлар билан таъминлайди. Натижада маҳсулотлар сифати яхшиланиб, ҳажми ошади, меҳнат самарадорлиги ортади.

Нархларнинг эркинлаштирилиши қишлоқ хўжалиги секторини маҳаллий ва хорижий инвесторлар учун янада жозибадор қилади. Бу эса юқори сифатли буғдой навлари ва бошқа бошоқли экинларни етиштириш жараёнига инновацион ечимлар ҳамда технологияларни жалб этишга хизмат қилади.

Вазирлик давлат аҳолининг заиф қатламларини ижтимоий ҳимоя қилишда давом этишини таъкидлаб ўтди. Бироқ бунда нон ишлаб чиқарувчилари манфаатларига зарар етказмаган ҳолда манзилли ёрдам кўрсатилади.

Ўзгаришлар ҳақида батафсилроқ

Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси ижрочи директори Баҳром Ашрафхоновнинг «Газета.uz»га изоҳ беришича, давлат 1994 йилдан бери давом этиб келаётган ун нархини маъмурий бошқариш амалиётига чек қўйди. Ўшанда ҳукумат ғалла етиштирувчи ва ун ишлаб чиқарувчи корхоналар «оёққа туришлари» ва озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашлари учун ёқилғи ва минерал ўғитларни сотиб олишга имтиёзли давлат кредитларини тақдим этди.

Нархларни декларация қилиш (тасдиқлаш) кўринишидаги давлатнинг мутлақ аралашуви ўтган йилнинг 15 сентябрига қадар давом этди. Сўнгра қолипли нонни эркин бозор нархида сотиш бўйича янги тартиблар жорий этилди.

«Ёқилғи ва минерал ўғитларни ҳам декларация қилинган нархларда эмас, балки биржада бозор нархида сотиш бошланди, бироқ фермерлар зарар кўришни бошлади. Чунки буғдойни қайта ишлаш корхоналари буғдойни бозор нархида сотиб олди, 1 кг буғдой уни эса ҳукумат томонидан белгиланган нарх — 1400 сўмдан сотилди. Фермерлар эса бефойда бўлгани сабабли бундан кейин буғдой экмасликларини ёки нархларни барча учун «қўйиб юборишларини сўради», — дея изоҳ берди Баҳром Ашрафхонов.

2−9 октябрь кунлари депутатлар Фермерлар кенгаши мурожаатини ўрганди. Ишчи гуруҳлари 298 та фермер хўжалиги ва деҳқон хўжаликлари, 28 та «Ўздонмаҳсулот» объекти ҳамда 96 та савдо ташкилоти фаолияти билан танишди.

«Биз бир килограмм уннинг тасдиқланган чакана нархи 1750 сўм эканини аниқладик. Бироқ бу нархда деярли ҳеч ким сотмади. Депутатлар ўрганишлар жараёнида давлат нархида 87500 сўмдан сотиб олиб олинган 50 кг лик ун қопини бозорларда 110−150 минг сўмдан, яъни бир килограмини 2200 сўмдан 3000 сўмгача нархда сотилган. Нон ҳам 1100 сўмдан сотилиши керак бўлган ҳолда 1300 сўм ва ундан юқори нархдан сотилган. Новвойхоналар барча харажатларни қоплаш учун нонни 600 грамдан эмас, балки 450 грамдан сотмоқда. Барча жараёнлар бузилган — қоғозда тасдиқланган нархлар бор, амалда эса йўқ», — деди Пенсия жамғармаси раҳбари.

Молия вазирлиги агросаноат мажмуаси молияси ва атроф муҳитни муҳофаза қилишни молиялаштириш бошқармаси бошлиғи Тўлқин Мирзаев 1 тонна буғдойнинг ўртача харид нархи давлат томонидан кафолатланган 1,2 млн сўмлик харид нархи ҳамда бир гектарлик майдондаги ҳосилдан келиб чиққан ҳолда 20 фоизгача устама ҳисобига 1,42 млн сўмни ташкил этишини қайд этиб ўтди.

Ҳукумат аввалига 3,02 миллион тонна буғдой сотиб олиши керак эди, бироқ амалда 3,55 млн тонна олинди.

Ҳукуматнинг ҳисоб-китобларига кўра, буғдой биржада 10−15 фоизлик савдо устамаси ва 3−5 фоизлик биржа нархи билан 1,42 млн сўмдан сотилганда, ун нархи 2750−2900 сўмга, яъни қозоқ унига яқин нархга яқин даражага қадар ўсади.

Шу муносабат билан 2019 йилги ҳосилдан 1 тонна буғдойни ун ишлаб чиқарилиши учун 1,3 млн сўмлик улгуржи нархда сотишга қарор қилинди. Бунда 120 минг сўмлик фарқ Молия вазирлиги томонидан қопланади. Ушбу чоралар ҳисобига уннинг биржа нархларининг 2,1−2,2 млн сўм, чакана нархи эса 2,5 млн сўм атрофида бўлиши кутилмоқда.

Бундан ташқари, 2020 йил 1 июлга қадар маҳаллий ундан қолипли нон ишлаб чиқарувчилар учун ҚҚС бўйича имтиёз сақлаб қолинди. Бу буғдойни қайта ишлаш корхоналарини қўллаб-қувватлаш ва нархлар ўсишига йўл қўйаслик учун амалга оширилмоқда.

«1 тонна ун ишлаб чиқариш учун 1 тонна 333 кг буғдой сарфланади. Чиқиш 75 фоизни ташкил этади. Агарда жорий нархлар бўйича ҳисоб-китоб амалга оширилса, у ҳолда 1 тонна ун ишлаб чиқариш учун 1,9 млн сўмлик буғдой сарфланади, унни эса биз 1,4 млн сўмдан сотмоқдамиз. Яъни 1 кг ун учун зарар миқдори 500 сўмни ташкил этмоқда», — деди Тўлқин Мирзаев.

Маъмурий-буйруқбозлик бошқаруви ўрнига интервенция қўлланилади. «Ўздонмаҳсулот»га Иқтисодиёт ва саноат вазирлиги билан биргаликда биржага узлуксиз буғдой етказиб бериш, талаб ошган тақдирда қўшимча буғдой ва ун ҳажмини таъминлаш топширилди. Нархлар Монополияга қарши курашиш қўмитаси томонидан мониторинг қилинади.

Авваллари савдо биржаларида фақатгина ҳокимиятлар томонидан тасдиқланган рўйхатдаги муайян компаниялар ва ихтисослашган уюшмалар аъзолари иштирок этган бўлса, эндиликда чеклов йўқ — ҳар қандай компания савдоларда қатнашиб, озуқа буғдойини сотиб олиши мумкин.

Тўлқин Мирзаев нима учун ун нархини судсидия қилиш ижтимоий вазифаларини бажармагани, балки суиистеъмолликка олиб келганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, айрим тадбиркорлар унни давлат нархида сотиб олиш учун сохта новвойхоналар очиб, сўнгра уни қиммат нархда сотиш билан шуғулланган.

«Бундай новвойхоналарда ҳаттоки печнинг ўзи йўқ. Бироқ давлат ва бозор нархларида фарқ бор. Улар танишлари орқали сохта қоғозларни расмийлаштириб, бундан пул ишлашган. Коррупцияни йўқ қилиш учун ижтимоий қўллаб-қувватлашни (компенсация) яхшилаш керак», — деди у.

Маҳаллий ун нархига таъсир кўрсатувчи асосий омиллардан бири — Қозоғистон уни импорти.

«Ўзбекистон асосан Қозоғистондан ун импорт қилади. Доллар курси ошгани сабабли олиб кирилаётган ун нархи бир оз ошди. Шунингдек, кузги мавсум бошланди, ун истеъмоли ошмоқда. Агарда доллар курси пасайса, Қозоғистон уни нархи ҳам тушади. Ягона хавф — доллар курсининг ошиш эҳтимоли ҳамда бунинг ортидан импорт қилинаётган ун ва буғдойнинг қимматлашуви», — деди Молия вазирлиги мутахассиси.

Аҳолининг кам аъминланган қатламлари нима қилади?

Пенсия жамғармаси раҳбари ўринбосари Шуҳрат Давроновнинг қайд этишича, авваллари аҳолининг кам таъминланган қатламларининг ун ва қолипли нон харажатларини қоплаш учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 фоизи (22,3 минг сўм) миқдорида компенсация тўланган эди. Эндиликда ушбу маблағ миқдори 50 минг сўмгача оширилади, компенсация олувчи тоифалар сони 9 тадан 11 тага оширилади.


«Диққат қаратиш лозимки, қарорда ҳужжат 14 октябрда қабул қилинганига қарамасдан, 1 октябрдан компенсация миқдорини ошириш белгиланган. Ой бошида 22300 сўм олишган эди, энди биз 15 октябрдан қўшимча равишда 27700 сўм тўлаймиз», — деди Баҳром Ашрафхонов.

2019 йил 1 октябридан компенсация олувчи аҳоли тоифалари қаторига 14 ёшгача бўлган болалари учун тайинланган нафақа олувчи оилалар ҳамда белгиланган энг кам ёшга доир пенсия миқдорида пенсия олувчилар киритилди.