Тошкент, Андижон ва Қашқадарё вилоятларида ноқонуний валюта айирбошлаш ҳолатлари аниқланди, дея хабар берди Бош прокуратура ҳузуридаги Департамент матбуот хизмати.

Тошкент вилоятининг Олмалиқ шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаро Х.Х. 2900 АҚШ долларини фуқаро С.га 32,3 млн сўмга сотган вақтида ашёвий далиллар билан ушлангани айтилмоқда.

Шу каби ҳолат Андижон вилоятида ҳам кузатилди. Шаҳрихон туманида фуқаролар Б.Х. ва Ф.А.лар бошқа бир фуқаро М.га 2800 АҚШ долларини 30 млн сўмга сотган вақтида ушланган. Уларнинг ёнидан чиққан 2800 АҚШ доллари, 100 рубль ва 650 минг сўм ашёвий далил сифатида олинган.

Валютани ноқонуний сотиш билан боғлиқ ҳолат Қашқадарё вилоятида ҳам қайд этилди. Китоб туманида ўтказилган тезкор тадбирда фуқаролар А.Н. ва С.Б.лар бошқа бир фуқаро А.га 3400 АҚШ долларини 37,8 млн сўмга сотган вақтида ушланган. Уларнинг ёнидан жами 6 200 АҚШ доллари ашёвий далил тариқасида олинган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодексининг 177-моддаси (валюта қимматликларини қонунга хилоф равишда олиш ёки ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.