Тез фурсатларда Ўзбекистонга Грузия бош вазири ташрифи буюриши кутилмоқда. Бу ҳақда 27 май куни пойтахт ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Грузиянинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва муҳтор элчиси Зураб Абдушелишвили учрашувида айтилди, деб хабар берди шаҳар ҳокимияти матбуот хизмати.

Грузия элчиси Зураб Абдушелишвили.

Ташриф доирасида Тошкент билан Тбилиси ўртасида ҳамкорлик алоқаларини ўрнатиш бўйича, шунингдек, икки мамлакат Бадиий академияларининг ҳамкорлиги бўйича Меморандумларни имзолаш режалаштирилган.

Шунингдек, тарафлар Тошкентдаги Шота Руставели ҳайкали атрофидаги хиёбонни реконструкция қилишга келишиб олди, дейилади хабарда.

Шота Руставелининг ҳайкали Шота Руставели ва Глинка кўчалари кесишмасида (собиқ Бобур парки қарама-қарши тарафида) жойлашган.

Тошкент шаҳар ҳокими маълум қилишича, ҳозирги кунда Шота Руставели кўчаси, шу жумладан, ҳайкалини реконструкция қилиш лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Лойиҳани амалга ошириш жараёнида олий мартабали меҳмоннинг фикри ва тавсиялари ҳисобга олинади.