Фонд биржа маълумотларига кўра, тадбиркорлар Дилмурод Парпиев ва Тохир Шарипов «Трастбанк»нинг қўшимча акциялар пакетини сотиб олишган.

Биржадан ташқари битимлар 23 май куни рўйхатга олинди — акциядорлар акцияларнинг 8,31 фоизини сотиб олди. Шу куни Ўзбекистон Молия вазирлиги биржадан ташқари бозорда «Трастбанк» акциялари билан 231,5 млрд сўмлик битимлар тузилганини эълон қилди.

Савдодан сўнг Дилмурод Парпиев 130 396 509 дона, Тохир Шарипов 130 396 507 дона акция эгаси бўлди. Ҳозирда уларда акцияларнинг 23,27% мавжуд.

28 апрель куни «Трастбанк» акциядорлик жамияти томонидан бозор қиймати бўйича оммавий таклиф қилинадиган 200 млрд сўмлик оддий акцияларнинг қўшимча чиқарилиши рўйхатга олинди. Шундай қилиб, банк устав капиталини 35,7 фоизга оширди.

Банк акциядорлари акцияларни сотиб олишда имтиёзли ҳуқуққа эга.

«КорпИнфо» маълумотларига кўра, 24 майдаги охирги биржа битими вақтида «Трастбанк» акцияларининг нархи 9950 сўм, номинал қиймати 1000 сўмни ташкил қилган. Бир кун аввал битим ҳар бир акция учун 11 199 сўмдан тузилган эди.

26 май куни Молия вазирлиги «Трастбанк» акциялари билан 78,2 млрд сўмга навбатдаги биржадан ташқари битимлар ҳақида хабар берди.

2021 йилда банкнинг соф фойдаси 44,3 фоизга ошиб, 433,8 миллиард сўмни ташкил қилди.

Қўшма лойиҳалар

«Газета.uz» аввалроқ Дилмуроджон Ботирович Парпиев (фамилияси ва отасининг исми Давлат солиқ қўмитаси ҳамда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлигининг собиқ раҳбари Ботир Парпиевнинг исми ва фамилиясига тўғри келади) ҳамда Тохир Мираҳимович Шарипов бир қанча лойиҳаларда улушга эга экани ҳақида хабар берган эди.

Хусусан, Procab кабель ва сим маҳсулотлари ишлаб чиқарувчи корхона Inter Alltech Limited Kompaniyasi`нинг 47,8 фоиз улуши уларга тегишли (интернетда қидирув Россиянинг «Аллтек» компаниялар гуруҳига олиб келади) — Дилмурод Парпиев (26,1 фоиз) ва Тохир Шарипов (26,1 фоиз).

Ўз навбатида, Procab (60,7%) ва «Трастбанк»нинг Trast Leasing компанияси (26%) пойтахтнинг «Қўйлиқ» бозорини кўчириш режалаштирилган Food City Tashkent савдо мажмуаси таъсисчилари сифатида қайд этилган.

Шунингдек, Дилмурод Парпиев ва Тохир Шарипов тенг улушларда (ҳар бири 50%) Inco-Construction (Inco компаниялар гуруҳи), Pro Plast Group (қурилиш пластмасса буюмлари ишлаб чиқариш), Alutex (қурилиш металл конструкциялари ва буюмлари ишлаб чиқариш), Inco Invest (нотурар жой ижараси ва бошқаруви), Furnir (қурилиш металл конструкциялари ва буюмлари ишлаб чиқариш) ва Presystem Universal (қурилиш металл конструкциялари ва буюмлари ишлаб чиқариш), ҳар бири 40%дан Mega Trade Communication (турар жой бўлмаган биноларни ижарага олиш ва бошқариш) ва Garden View (турар жой бўлмаган биноларни ижарага олиш ва бошқариш) компанияларига эгалик қилишади.