25 май куни HY-273 Тошкент — Истанбул авиақатновини амалга оширувчи самолёт техник сабабларга кўра Тошкент вақти билан соат 21:10 да Трабзон аэропортига мажбурий қўнишни амалга оширган, дея хабар қилди Uzbekistan Airways авиакомпанияси матбуот хизмати.

«Ҳозирда ҳаво кемаси бортидаги 240 йўловчи хаётига ҳеч қандай хавф туғдирмаяпти. Яқин вақт ичида барча йўловчилар Трабзон шаҳрида жойлашган меҳмонхонага жойлаштирилиб, тез фурсатларда белгиланган манзилга — Истанбул шаҳрига етказиладилар», — дейилади хабарда.

Ўз навбатида, ушбу сабаб туфайли HY274/25MAY22 Истанбул — Тошкент йўналиши бўйича авиақатнови вақти кечиктирилади (Истанбул маҳаллий вақти билан жадвалга мувофиқ 21:45 режалаштирилган парвоз).

Айни вақтда Истанбулдан Тошкентга йўловчиларни олиб кетиш учун резерв ҳаво кемасини юбориш масаласи ишлаб чиқилмоқда.

Авиакомпания келтирилган ноқулайликлар учун йўловчилар ва уларни кутиб олувчилардан узр сўраб, юзага келган вазиятни тўғри тушунишларини илтимос қилди.