Коррупцияга қарши курашиш агентлиги Тошкент шаҳар ҳокимлиги ва яна 7 та ҳудуд ҳокимиятларини очиқ маълумотлар тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига риоя этмаслик, хусусан, маҳаллий бюджетлар даромадлари ва харажатлари тўғрисида ҳар чоракда жамоатчиликка эълон қилиш юзасидан огоҳлантирди.

Қайд этилишича, 2021 йил 16 июндаги давлат органлари ва ташкилотларининг фаолияти очиқлигини таъминлашга оид президент фармони талабининг бажарилиши бюджет маблағларини исрофгарчиликка йўл қўймаслик ва коррупция хавфини камайтиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Ҳужжатда ҳар чоракда ҳокимликларнинг расмий веб-сайтларида чорак якунлари бўйича шакллантирилган маҳаллий буджетларнинг даромадлари ва харажатлари сметалари, ортиғи билан бажарилган режа маблағларининг бир қисми ва ушбу маблағларни йўналтириш мақсадлари тўғрисидаги маълумотларни жойлаштириш белгиланган.

Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ўтказган мониторингда Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши, Қашқадарё, Навоий, Самарқанд, Наманган, Хоразм вилояти ҳокимликлари белгиланган талабларга қисман риоя қилгани маълум бўлди. Андижон вилоят ҳокимлиги расмий веб-сайтида бундай маълумотлар сўнгги бор 2021 йил 1-чораги ҳолатига жойлаштирилган. Тошкент шаҳар ҳокимлиги эса фармонда талабларига зид равишда маълмуотларни умуман очиқланмаган.

Фармон талаблари тўлиқ ижро этилиши таъминланган Тошкент вилояти ҳокимлигида 2022 йил бошида шаклланган эркин қолдиқ маблағлари ҳамда шу йилнинг 1-чораги давомида маҳаллий бюджет даромадлар режасининг ошириб бажарилган қисми ҳисобидан ажратилган маблағлар жами 231,3 млрд сўмни ташкил этган. Улар вилоят ҳокимининг фармойишига асосан қуйидагича тақсимланган:

  • ҳудуднинг ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари учун 82,3 млрд сўм;
  • марказлашган жамғармаларга 31,9 млрд сўм;
  • «Фуқаролар ташаббуси» (оpenbudget) 27,3 млрд сўм;
  • обод қишлоқ ва обод маҳалла дастури доирасида 16,9 млрд сўм;
  • бюджет ташкилотларининг моддий базасини мустахкамлаш ва ҳўжалик харажатлари учун 16,0 млрд сўм;
  • ободонлаштириш харажатларига 9,3 млрд сўм;
  • маданий-спорт тадбирлар, фестиваллар, умумхалқ ва миллий байрамлари учун 5,4 млрд сўм;
  • бошқа ҳаражатлар учун 11,8 млрд сўм.

Шунингдек, Жиззах вилоятида ҳам жорий йилнинг ўтган 3 ойи давомида махаллий бюджетда жами 91,0 млрд сўм миқдорида эркин қолдиқ маблағлари шаклланган бўлиб, қуйидаги мақсадлар учун йўналтирилган:

  • ҳудудларни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурлари ва ижтимоий соҳа муассасаларини қуриш, таъмирлаш ва жиҳозлаш ишлари учун 11,5 млрд сўм;
  • ҳарбий маъмурий секторга юклатилган вазифалар ижросини таъминлаш учун 8,5 млрд сўм;
  • «Фуқаролар ташаббуси» жамғармасига 5,7 млрд сўм;
  • «Ёшлар дафтари» жамғармасига 2,8 млрд сўм;
  • умумхалқ байрамлари, спорт ва маданий тадбирлар ўтказиш билан боғлиқ ҳаражатлар учун 2,4 млрд сўм;
  • «Аёллар дафтари» жамғармасига 1,9 млрд сўм;
  • «Саҳоват ва кўмак» жамғармасига 1,9 млрд сўм;
  • «Обод қишлоқ» ва «Обод маҳалла» дастурлари учун 1,0 млрд сўм.

Агентлик томонидан мониторинг натижасида аниқланган хато ва камчиликларни баратараф этиш ҳамда келгусида очиқликка оид қонунчилик ҳужжатларида белгиланган талабларга қатъий риоя этилишини назоратга олиш бўйича 8 та маҳаллий ҳокимликка огоҳлантириш юборилди. Бундан ташқари, президенти Администрацияси ва Вазирлар Маҳкамасига аниқланган ҳолатлар юзасидан тегишли маълумот киритилди.