Жиззах шаҳар ИИБ ижтимоий тармоқларда тарқалган қизлар ўртасидаги келишмовчилик акс этган видео бўйича муносабат билдирди. Хабарда айтилишича, жанжал шаҳардаги ўқув марказларидан бирида содир бўлган.

Видеода бир нечта ўқувчи қизлар бошқа бир қизни ўртага олиб, кечирим сўрашга мажбурлагани тасвирланган.

Қайд этилишича, мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган суриштирув ишлари давомида Жиззах шаҳри «Боғишамол» маҳалласида яшовчи, Жиззах шаҳридаги ўрта умумтаълим мактаби ўқувчиси М. Н. ижтимоий тармоқда Шароф Рашидов тумани «Истиқлол» маҳалласида яшовчи М. А. билан мулоқотга киришади

«Ўзаро ёзишмалар чоғида улар ўртасида келишмовчилик юзага келади. Шундан сўнг М. Н. ва М. А. Жиззах шаҳридаги ўқув марказида учрашиб, жанжаллашишган. Ушбу ҳодисанинг тасвирлари ижтимоий тармоқда тарқалиб кетган», — дейилади хабарда.

Ҳолат юзасидан Жиззах шаҳар ИИБ ходимлари томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.