«Ўзбекнефтгаз» компанияси томонидан сўнгги йилларда Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудини қамраб олган Устюрт ҳудудида 5 та янги — «Бесқала», «Қуйи Сургил», «Оралиқ», «Кушқаир», «Ғарбий Қуйи Сургил» ва «Қуйи Шарқий Бердақ» газконденсат конлари очилди. Бу ҳақда компания томонидан ташкил этилган пресстур давомида маълум қилинди, дея хабар берди «Газета.uz» мухбири.

Ташкил этилган нефть ва газ геология-қидирув ишлари натижасида 18 та янги майдон бурғилаш ишларига киритилди, 183 минг метрдан ортиқ бурғилаш ишлари бажарилди ва 50 га яқин янги қудуқлар қурилиши тугатилди. Натижада 44 млрд куб метрдан ортиқ табиий газ ҳамда 2,6 млн тоннадан зиёд суюқ углеводород захираларини кўпайтиришга эришилди.

Шундай қилиб, ҳудудда очилган конлар сони 25 тага етказилди, уларнинг умумий захиралари 395,6 млрд куб метр табиий газ, 96 млн тонна нефть ва 14,6 млн тонна газ конденсатини ташкил қилади. Устюрт ҳудудида, бундан ташқари, С3 категорияли ресурслари 500 млн тоннадан ортиқ бўлган 35 дан ортиқ нефть ва газга истиқболли янги майдонлар ҳам аниқланган.

«Шарқий Бердақ» газ конининг 115-сонли қудуғи. Фото: Санжар Саид / «Газета.uz»

«Ўзбекнефтгаз» компаниясининг Устюрт газ қазиб чиқариш бошқармаси томонидан сўнгги икки йил давомида 73 та (37 та ва 36 та) қудуқ бурғиланди, 123 та (67 та ва 56 та) қудуқ капитал таъмирланди, 10 та (5 та ва 5 та) технологик объект қурилиб, ишга туширилди. Натижада қўшимча тарзда 2 млрд 319,9 млн куб метр (966,9 млн куб метр ва 1 млрд 353 млн куб метр) табиий газ ҳамда 54,5 минг тонна (23,9 минг тонна ва 30,6 минг тонна) газ конденсати қазиб чиқарилди.

Хусусан, пресс-тур доирасида журналист ва блогерлар «Шимолий Бердақ» кони 115-сонли қудуқда бурғулашдан кейин саноат миқёсида олинган табиий газ оқими параметрлари билан танишди. Мазкур участкада бурғулаш ишлари 2021 йил декабрда бошланиб, 28 март куни якунланган. Айни пайтда 2750 метр чуқурликдан кунига 150 минг куб метр газ олинмоқда.

Бу каби қудуқлардан қазиб олинаётган табиий газлар «Шарқий Бердақ» ва «Арслон» газни комплекс тайёрлаш қурилмаларига юборилади. Жумладан, «Шарқий Бердақ» газни комплекс тайёрлаш қурилмасига (ГКТҚ) Шимолий, Шарқий, Қуйи Шарқий Бердақ, Қуйи Сургил, Арслон ва Ином газ конларидан жами 166 та қудуқдан табиий газ етказиб берилмоқда. Бу ерда эса кунига ўртача 6,5−7,5 млн куб метр табиий газ ҳамда 120−130 тонна газ конденсати ишлаб чиқарилмоқда.


«Арслон» ГКТҚ. Фото: Санжар Саид / «Газета.uz»

«Арслон» ГКТҚда эса жами 6 та қудуқдан табиий газ етказиб берилмоқда ва кунига ўртача 3,8−3,9 млн куб метр,7−10 тонна газ конденсати ишлаб чиқарилмоқда.

Шундай қилиб, 2021 йилда бошқарманинг табиий газ ва газ конденсатини қазиб чиқариш режа кўрсаткичлари қуйидагича бўлди:

  • табиий газ — 3 млрд 873,9 млн куб метр (ўсиш — 124,3 фоиз);
  • газ конденсати — 53 минг тонна (100,2 фоиз).

Жорий 2022 йилда эса бошқарма томонидан қарийб 4,7 млрд куб метр табиий газ ва 65 минг тонна газ конденсати қазиб олиш режалаштирилган.

Бугунги кунда бошқармага қарашли 8 та конда («Шарқий Бердақ», «Шимолий Бердақ», «Қуйи Шарқий Бердақ», «Қуйи Сургил», «Арслон», «Ином», «Дали», «Ғарбий Қуйи Сургил») бир кунда — 13,1 млн куб метр табиий газ (2019 йилга нисбатан 7,9 млн куб метрга кўп) ва 115 тонна газ конденсати қазиб чиқарилмоқда.

Таъкидланишича, «Ўзбекнефтгаз» АЖ мутахассислари томонидан чуқур сейсмик маълумотларни таҳлил қилиш натижасида Устюрт ҳудудида айрим қудуқларнинг қурилиш конструкцияларига ўзгартиришлар киритилди ва лойиҳавий чуқурликка нисбатан қўшимча бурғилаш ишлари олиб борилди. Натижада қудуқлардан кутилган маҳсулотга нисбатан 4−5 баробар кўп миқдордаги табиий газ оқими олинишига эришилди.


«Ўзбекнефтгаз» ишчилари. Фото: Санжар Саид / «Газета.uz»

Жумладан, «Қуйи Сургил» 6, 14, 20-сонли ва «Шарқий Бердақ» 96, 63-сонли қудуқларнинг ҳар биридан кунлик дебити 1 млн куб метргача бўлган газ оқими олинди. Қуйи юра қатламларига қазилаётган юқори маҳсулдор қудуқларни бурғилашда атрофида ишлаётган қудуқлар ҳолати, коннинг амалдаги геологик ва гидродинамик моделларини чуқур ўрганиб чиққан ҳолда қудуқлар ўрни белгиланган.

«Қуйи Сургил», «Шарқий Бердақ» конларининг остки чуқур қисмида табиий газ захираларига эга бўлган янги қатламларнинг аниқланиши «Ўзбекнефтгаз» АЖ мутахассислари учун геология-қидирув, конларни ўзлаштириш борасидаги янги йўналишларни очиб бериши билан бир қаторда, Устюрт региони бўйича табиий газ, газ конденсати захираларини ўстиришга қаратилган имкониятлар мавжудлигини кўрсатиб берди.

2022 йилнинг январь-апрель ойларида бошқарма томонидан 1,5 млрд куб метр табиий газ қазиб чиқарилиб, ўсиш суръати 2021 йилнинг мос даврига нисбатан 130,6 фоизни ташкил этди. Углеводородларни қазиб чиқаришни кўпайтиришга қаратилган комплекс чора-тадбирларнинг ўз вақтида бажарилиши ҳисобига 8 та қудуқ бурғиланди, 14 та қудуқ мукаммал таъмирланди, 2 та технологик объектлар қуриб ишга туширилди. Натижада қўшимча 126,2 млн куб метр табиий газ ва 2,8 минг тонна газ конденсати қазиб чиқарилди.

Бошқармада амалга оширилаётган технологик объектларни ишга туширишда жамиятнинг ички имкониятларидан кенг фойдаланиш алоҳида эътиборга молик, масалан, «Арслон газни комплекс тайёрлаш қурилмаси»ни 1 та қўшимча кунлик 3 млн куб метр газни тайёрлаш қувватига эга бўлган технологик тармоғини қуриш лойиҳасини ички имкониятлардан келиб чиқиб қуришга қарор қилинди. Бунинг учун Муборак, Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармалари ҳамда заводларнинг технологик ускуналаридан фойдаланиш белгиланди. Натижада ушбу лойиҳани амалга оширишда ишлаб чиқарилиши талаб этиладиган 16 та технологик ускунани тайёрлаб, етказиб бериш учун сарф этиладиган молиявий маблағларни тежашга эришилади.


«Ўзбекнефтгаз» АЖ Устюрт ГҚЧБ штаби, Мўйноқ тумани. Фото: Санжар Саид / «Газета.uz»

2022 йилда белгиланган режа кўрсаткичларининг бажарилишини таъминлаш мақсадида бошқармадаги мавжуд «Шарқий Бердақ» сиқув компрессор станцияси ва газни комплекс тайёрлаш қурилмаларини модернизация қилиш, янги майдонларни ўзлаштириш ва газ қувурларининг ўтказиш қувватларини ошириш учун газ қувурларини қуриш каби технологик чора-тадбирларни амалга ошириш кўзда тутилган.

Бошқарма томонидан 2022 йилда табиий газ қазиб чиқариш режа кўрсаткичларининг бажарилишини таъминлашга қаратилган жами 74 та геологик-техник чора-тадбирларни амалга ошириш, бунда 25 та янги газ қудуғини бурғилашдан ишга тушириш, 44 та мавжуд газ қудуғида мукаммал таъмирлаш ва интенсификация ишларини олиб бориш ҳамда 5 та технологик объектларни ишга тушириш ва ушбу тадбирларни амалга ошириш натижасида қўшимча 1,14 млрд куб метр табиий газ ҳамда 19,5 минг тонна газ конденсати қазиб чиқариш режалаштирилган.