Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 11 май куни бўлиб ўтган йиғилишда ғалла етиштириш, жумладан, буғдой нархини либераллаштириш борасидаги ислоҳотлар ҳақида эълон қилди.
Аввалроқ ёзганимиздек, 1 июндан давлат буғдойни бозор нархларида сотиб олади. Фермерлар ва кластерларга ўз донларини фонд биржасида сотишлари учун имкониятлар яратилади. Буғдой нархи 1,55 млн сўмдан 3 млн сўмгача ошади. Шу билан бирга, фермерларга июл-август ойларида фонд биржасида шаклланган ўртача нархлар асосида ижобий фарқ тўланади.
«Ўздонмаҳсулот» компанияси ва унинг 43 корхонаси бозор шароитида иш бошлайди. Агар ҳозир улар 1 кг буғдойни 1550 сўмдан сотиб олиб, 1 кг донни 2485 сўмдан сотаётган бўлса, энди «Ўздонмаҳсулот» ҳам, хусусий корхоналар ҳам фонд биржаси орқали бозор нархларида ун ишлаб чиқариш учун буғдой сотиб олади.
«Газета.uz» ислоҳотлар ун ва нон нархига қандай таъсир қилишини билиш мақсадида Молия вазирлиги Агросаноат мажмуаси ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш молияси департаменти директори Тўлқин Мирзаев билан суҳбатлашди.
Молия вазирлиги вакилининг сўзларига кўра, бугунги кунда ун нархи асосан бозор тамойиллари билан белгиланади. Давлат статистика қўмитаси маълумотларига таяниб, у май ойининг бошида 1 кг импорт ва маҳаллий уннинг ўртача чакана нархи 5400 сўмдан эканлигини таъкидлади. Шунга қарамасдан, биринчи навли ун нархи Қорақалпоғистонда ўртача 5820 сўм, Тошкентда — 5690 сўм, Бухорода — 5600 сўм. Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларида эса — 5000 сўмгача этиб белгиланган.
«Ун нархи унинг сифатига ҳам боғлиқ. Қайсидир дон корхоналари модернизация қилинган бўлса юқори сифатли ун ишлаб чиқариши мумкин, шунинг учун ҳам уларнинг нархи юқори бўлади. Агар эски тегирмонлар бўлса унда нархи пастроқ бўлади», — деди у.
Тўлқин Мирзаевнинг қайд этишича, давлат харидидан ташқари бозорда ғалла бир тоннаси учун 3,5−4,2 млн сўмга сотилмоқда. Биржада маҳаллий буғдой ҳам таклиф етилади, аммо кичик ҳажмларда. Хусусан, биринчи чоракда 7000 тонна сотувга қўйилди.
«Бизнинг фикримизча, мавсумий буғдой йиғим-терими пайтида фонд биржасида доннинг қиймати бир тонна учун 3−3,5 млн сўм бўлиши, кейин мавсум ўтгач сал кўтарилиши мумкин. Агар ҳозир бозорларда буғдой нархи 4 млн сўм атрофида бўлса, биржага қўйилгандан сўнг, қиймат ушбу чегаралар атрофида шаклланади», — деди у.
Ун ва (лепёшка — ёпган нон) нонга келсак, бунда нархларда сезиларли ўзгаришлар кутилмаяпти.
«Давлат ҳозир донни 1,55 млн сўмдан сотиб олаяпти ва сотувга қўймаяпти, балки дислокация бўйиа маҳаллаларда тарқатилаяпти. У ерларда уннинг нархи арзонроқ. Лекин бу жами аҳолининг ун истеъмолининг 20−30 фоизини ташкил қилади. Шунинг учун у бозорга таъсир қила олмайди», — деди департамент раҳбари.
2021 йилда Ўзбекистонда умумий дон истеъмоли 8,6 млн тоннани ташкил этди, шундан 2 млн тоннадан сал кўпроғи давлат харидлари ҳисобига тўғри келади. «Яъни уннинг кўп қисми бозор нархида фермерларнинг қўлида қолган ёки Қозоғистондан келган буғдой ҳисобига ишлаб чиқарилаяпти. Бундан ташқари, бу ерда яна катта ҳажмда қозоқ уни импорт қилинаётганини ҳам қайд этиш керак. Ўтган йили 3,2 млн тонна буғдой импорт қилинган. Буғдой ва ун бозорининг 70−80 фоизи бозор нархларида шаклланмоқда», — дея таъкидлади у.
Тўлқин Мирзаев 2022 йилда Ўзбекистонда буғдой ҳосили 1−1,5 млн тоннага кўпроқ (2021 йилда 6 млн тоннадан сал кўпроқ етиштирилган), Қозоғистонда — 1,5−2 млн тоннага, Россияда эса — 7,5−8 млн тоннага кўпроқ бўлиши кутилмоқда. Украинада эса ҳосил 15 млн тоннага — 42 млн тоннадан 27 млн тоннагача камайиши кутилмоқда. Ушбу дефицит қисман бошқа мамлакатларда ҳосил ҳажмининг кўпайиши билан қопланади.
Молия вазирлиги вакилининг айтишича, Қозоғистон ўз буғдойининг 80−85 фоизини Марказий Осиёга экспорт қилади, шу туфайли минтақада дон нархининг кескин ўзгариши кутилмаяпти.
Бундан ташқари, ислоҳотлар арзон нархли унни сотишни бекор қилишни ўз ичига олади. Шу муносабат билан ҳукумат томонидан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар ишлаб чиқилмоқда. «Биз ижтимоий қўллаб-қувватлаш инструментларини ишлатамиз. Хусусан, бир марталик ёрдам ажратиш чора-тадбирлари ишлаб чиқилмоқда», — деди у.
Қолипли нон (буханка) нархлари қисман эркинлаштирилгач, давлат аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ҳар ойда 50 минг сўм товон пули тўлади. Кейинчалик бу миқдор 498 минг сўм қилиб белгиланган энг кам истеъмол харажатлари механизми таркибига киритилди. Истеъмол харажатлари механизми ўсиши билан пенсия ва нафақалар миқдори ҳам ўсиб бормоқда.
Бундан ташқари, ижтимоий нафақалар қамрови ҳам ошди. Сентябрь ойида нафақалар олувчилари сони 1,3 млн атрофида бўлган бўлса, бугунга келиб улар 1,9 млн нафардан ошиб кетди, деб маълум қилди Молия вазирлиги.
Иқтисодчи Отабек Бакиров ҳам ғалла ислоҳотининг эркин бозордаги ун ва нон нархларига ҳеч қандай таъсири бўлмаслигини таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, ягона таъсир сезилиши мумкин бўлган нархлар бу — буханка (қолипли нон) нархлари бўлади. Буханка нархлари 2018 йилда «эркинлаштирилган» деб эълон қилинган бўлса-да, амалда субсидиялаштириб келинган.
«Нон нархи ошади, ун қиммат бўлади деб ваҳима қилишга умуман асос йўқ. Аксинча, агар бугун айтилган гаплар амалда ишласа, ун ва нон нархи мувозанатлашади ва секин-аста арзонлашади ҳам», — деган фикрда у.
Ҳудуд | Буханка нархи |
Ўзбекистон бўйлаб ўртача | 2233 сўм |
Қорақалпоғистон | 2172 сўм |
Андижон | 2189 сўм |
Бухоро | 2211 сўм |
Жиззах | 2552 сўм |
Қашқадарё | 2071 сўм |
Навоий | 2100 сўм |
Наманган | 2647 сўм |
Самарқанд | 2270 сўм |
Сурхондарё | 2321 сўм |
Сирдарё | 2236 сўм |
Тошкент вилояти | 1848 сўм |
Фарғона | 2098 сўм |
Хоразм | 2949 сўм |
Ташкент шаҳии | 1600 сўм |
Савдо марказлари ва деҳқон бозорларида биринчи навли ундан қолипланган ноннинг ўртача нархлари, 2022 йил 30 март ҳолатига. Манба: Молия вазирлиги / Статистика қўмитаси.
Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, 30 март куни қолипли ноннинг энг юқори ўртача нархи Хоразм вилоятида — 2949 сўм, энг арзони эса — Тошкентда — 1600 сўм қайд этилган.