Вазирлар Маҳкамасининг 31 мартдаги «Озиқ-овқат хавфсизлиги ва ички бозорда нархлар барқарорлигини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги [147-сон] қарори қабул қилинди.

Ушбу ҳужжат билан дунё бозорларида юзага келган кескин тебранишларнинг ички бозорни озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашга салбий таъсирини камайтириш, ички бозорни буғдой, ун ва ўсимлик ёғи маҳсулотлари билан узлуксиз ва кафолатли таъминлаш мақсад қилинган.

Қарор билан 2022 йил апрель-июль ойларида Қозоғистон Республикасидан 100 минг тонна 3-синф буғдойини (бир қисми ун) мақбул нархларда импорт қилинади. Бу бўйича Ҳҳукумат Қишлоқ хўжалиги вазирлиги, Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги, Давлат захираларини бошқариш қўмитаси, («Ўздавзахира» қўмитаси) «Ўздонмаҳсулот» АК ва хусусий корхоналар таклифига розилик берган.

Бош вазир ўринбосари — инвестициялар ва ташқи савдо вазири Сардор Умурзаков ҳамда Қишлоқ хўжалиги вазирлиги Қозоғистон Ҳукумати, Қозоғистон Республикасининг «Продовольственная контрактная корпорация» миллий компанияси акциядорлик жамияти ва буғдой (ун) экспорт қилувчи бошқа корхоналари билан Ўзбекистонга 100 минг тонна буғдойни (бир қисми ун) мақбул нархларда импорт қилиш бўйича келишувга эришишни таъминлайди.

Бунда, «Ўздавзахира» қўмитаси Қозоғистоннинг «Продовольственная контрактная корпорация» миллий компанияси АЖ ва буғдойни экспорт қилувчи бошқа корхоналаридан буғдой ва қисман ун етказиб бериш бўйича импорт шартномаларини имзолайди.

Молия вазирлиги импорт қилинган буғдой (ун)ни сақлаш харажатларини қоплашга маблағ ажратади.

Бундан ташқари, Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ва Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлигига ички ва ташқи бозорлардаги вазиятдан келиб чиқиб, мазкур қарор доирасида ажратиладиган маблағлар ҳисобидан яна 500 минг тонна буғдойни импорт қилиш зарурати юзасидан асослантирилган таклиф киритиш вазифаси юклатилди.

Мазкур қарор доирасида ажратиладиган маблағлар «Ўздавзахира» қўмитасига тўғридан-тўғри фоизсиз ссуда шаклида, буғдой (ун) ва ўсимлик ёғи импорт қилувчи хусусий тадбиркорлик субъектларига Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 октябрдаги [627-сон] қарорида белгиланган шартларда ажратилади.

Импорт қилинган буғдой (ун) биржа савдолари орқали сотилади

Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 7 октябрдаги [627-сон] қарори доирасида ажратилган имтиёзли кредитларни қайтариш муддатини 2022 йил 31 декабрига қадар узайтирилади.

Давлат солиқ қўмитаси «Ўздавзахира» қўмитасини 2022 йил 1 апрелдан бошлаб ҚҚС тўловчиси сифатида рўйхатга олади ва ўрнатилган тартибда ҚҚС тўловчиси гувоҳномасини расмийлаштириб беради.

Транспорт вазирлиги ва «Ўзбекистон темир йўллари» АЖ 2022 йил 1 апрелдан йил якунига қадар «Ўздавзахира» қўмитаси томонидан импорт қилинадиган буғдой (ун) ва ўсимлик ёғини темир йўллар орқали ташишда 50 фоизли имтиёзли тарифлар қўллайди.

Бундан ташқари, юкларни вагонлардан тушириб олиш муддати бўйича қўлланиладиган тарифлар (простой) миқдорини барча турдаги буғдой импортёрларига дастлабки уч кун учун 40 фоизга пасайтиради.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилги мавсумда жами 6,7 млн тонна буғдой етиштирилган бўлиб, шундан 2,5 млн тоннаси республика захирасига жойлаштирилган, 4 млн тоннаси эса фермерлар ва аҳоли ихтиёрида қолган.

Бундан ташқари, президентнинг тегишли қарорига мувофиқ, Ўзбекистонга буғдой уни ёки буғдой-жавдар унини олиб киришда божхона божи ундирилмайди. 2021 йилда хусусий сектор томонидан 2,8 млн тонна буғдой ва 0,4 млн тонна ун импорт қилинган, 1 млн тонна ун қўшни давлатларга (асосан Афғонистонга) экспорт қилинган.