Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жойларда нон ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш юзасидан барча имкониятларни қўллаш бўйича топшириқлар берди, дея хабар қилди давлат раҳбари матбут хизмати.

Вазирлар Маҳкамасининг 14 октябрдаги қарори билан ғалла етиштириш, ун ва нон ишлаб чиқариш тизимида бозор механизмлари жорий этилган эди. 15 октябрдан бошлаб ун ва буғдойнинг нархлари эркинлаштирилди ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламини молиявий қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар бир нафақа олувчига ойига 50 минг сўмдан компенсация тўланмоқда.

Хабарда қайд этилишича, қолипли нон билан кафолатли таъминлаш учун етарли ресурс захираси яратилиб, ун ишлаб чикаришнинг ойлик ҳажми Ўзбекистонда 122 мингдан 142 минг тоннага оширилди. Бугунги кунда Тошкентда 1 килограмм ун биржада 2300−2400 сўмдан сотилаётган бўлса, чакана савдода қолипли нон нархи 1500−1700 сўмни ташкил қилмоқда.

Йиғилишда айрим вилоятларда ноннинг нархи нисбатан юқорилигича қолаётгани кўрсатиб ўтилди. Аввалроқ Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси Сурхондарё вилояти ва Қорақалпоғистоннинг айрим ҳудудларида нон нархи 1500−2500 сўмгача ўсгани ҳақида хабар берганди. Масалан, Сурхондарё вилоятининг Ангор, Жарқўрғон, Қизириқ, Олтинсой, Шеробод, Шўрчи, Термиз туманлари ва Термиз шаҳрида нон нархи 1500−2000 сўм атрофида, Денов, Қумқўрғон туманларида — 1500 сўм, Бойсун туманида — 1500−1800 сўм, Сариосиё туманида — 1600−2000 сўм, Узун туманида — 1200−1800 сўм.

Кегейли, Мўйноқ, Қонликўл, Шуманай, Амударё, Беруний ва Нукус туманларида қолипли нон 1500 сўмдан, Нукус, Қораўзак, Чимбой, Тўрткўл туманларида — 1500−2000 сўм, Тахтакўпир ва Қўнғирот туманларида — 2000 сўмдан, Эллиққалъа туманида — 1400−1500 сўм, Хўжайли туманида эса 1500−2500 сўм атрофида сотилмоқда.

Шунинг учун, Тошкент тажрибасидан келиб чиқиб, барча вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига унни биржа савдосида сотилишидан бошлаб, нонни чакана савдода сотилишигача бўлган жараённи ҳар куни таҳлил қилиб, аҳолининг нонга бўлган кунлик эҳтиёжини тўлиқ таъминлаб бориш бўйича вазифалар юклатилди.

Жойларда нон ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш юзасидан барча имкониятларни қўллаш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламига компенсация пулларини ўз вақтида ва тўлиқ етказиб берилишини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди. Бундан ташқари, тоғли ва олис ҳудудларда қиш мавсумига ун ва бошқа озиқ-овқат захираси яратиш лозимлиги қайд этилди.