Ўтган ҳафтада Тошкентдаги «Малика» савдо марказида рейд ўтказилди ва соқол қўйган кишилар Шайхонтоҳур тумани 4-сонли ички ишлар бўлимига олиб борилиб, мажбурий равишда соқоли олдириб ташланди. Ушбу ҳолат жабрланувчиларидан бири бўлган Жамолиддин Муҳаммаджон бу иш ҳақида оммавий равишда маълум қилган ягона шахс бўлди. «Газета.uz» буни ошкор қилган блогер билан сухбатлашди.

Жамолиддин Муҳаммаджон Фейсбукнинг ўзбек сегментида машҳур блогерлардан саналади. Шунингдек у «Қамар» китоблар дўконининг раҳбари ҳамдир. Унинг ўзи воқеани қуйидагича ҳикоя қилади.

«Малика» савдо маркази.

«2019 йил 23 август, жума куни, соат 14:30 атрофида „Малика“ бозоридан чиқиб кетаётганимда ички ишлар ходимлари мени тўхтатиб, ўзларини таништирмасдан шахсимни тасдиқловчи ҳужжатларни талаб қилди. Ҳужжатларим борлигимни айтганимга қарамасдан мени Шайхонтоҳур тумани 4-сонли ички ишлар бўлимига („4-гом“) олиб боришди».

Жамолиддин ўша ерга борганидан кейин нима учун олиб келинганини тахминан билганини маълум қилди. «Киришда узун навбат, ҳамма соқол қўйган фуқаролар тўпланган. Демак, соқол бўйича гаплашамиз, деб ўйладим. Навбат узунлигини ҳисобга олиб, нима мақсадда олиб келишганини сўрадим. Юқори қаватга чиқиб тушамиз, деб айтишди. Навбат кутишга вақтим йўқлигини айтдим ва кетмоқчи бўлиб дарвоза томон юрдим. Дарвоза олдида ички ишлар майори (ўзини таништирмасдан) ҳужжат сўради. Ходимга фуқарога мурожаат қилганда ўзини таништириш кераклигини эслатдим. „Нима, сен ақллимисан?“ деган савол берганда „аҳмоқ эмасман, ақллиман“ деб жавоб бердим. Ҳужжатларимни яна такроран сўради ва мен, ўз навбатида ундан исми шарифи ва хизмат лавозимини сўрадим. Шунда у ўзини Дилшод деб таништирди. Мен ундан фамилияси лавозимини такроран сўрадим, бу сафар исмини Ҳикмат деди, бошқа маълумот бермади. Исмини аниқлаштириш мақсадида „исмингиз Дилшодми, Ҳикматми?“ деб сўраганимда, „Ақллилик қиляпсанми“ деди. „Жиннилик қилмайман-ку“ деган жавобимга „жиннилик қилиб ҳам кўрчи“ деб пўписа қилди. Паспортимни очиқ ҳолда унга кўрсатдим. Қўлимдан паспортимни юлиб олди. Паспортни олиш ҳаққи йўқлигини, ўзим кўрсатишимни айтгандим, „сенга буни ким берганини биласанми?“ деб, паспорт ким томонидан берилганлиги ҳақидаги қайдни кўрсатиб, „паспортни исталган вақтда олишимиз мумкин. Бу сенинг шахсий мулкинг эмас“ деди. Шунда мен унга паспортнинг орқа тарафидаги ёзувни ўқиб кўришни тавсия қилдим. „Ақллилик“ ҳақидаги гапларини яна бир бор такрорлаб, бошқа ходимга мени ичкарига олиб кириш ҳақида буйруқ берди».

Жамолиддин Муҳаммаджон бино ичида ички ишлар ходимлари уни мазах қилишганини ҳам билдирди. «Бино ичига кирганимда телефонни топширишни талаб қилишди. Телефонни топшириб, рақамли бирка олдим. Ичкарида мени формасиз ходим кутиб олди. Ундан ўзини таништиришни талаб қилганимда, у ўзини тезкор ходим Абдурасулов Ҳожиакбар, деб таништирди. Иккинчи қаватга кўтарилдик. У ердаги навбатда ташқаридагидан кўра кўпроқ одам бор эди, ҳаммаси соқол қўган йигитлар. Навбатим келганда суратга олиш хонасига кирдим, суратга олишди. Кейин компьютер олдида ўтирган ходим фамилиямни сўради, ўз навбатида мен ундан ўзини таништиришни сўрадим. Ўзини таништиришдан бош тортган ходим шу ерда ишлашини айтиш билан чекланди».

Фамилиямни сўради, ҳужжатимни очиқ ҳолда кўрсатдим, қўлига олмоқчи бўлганда ҳужжатни шундай кўриши мумкинлигини айтдим. Маълумотларимни компьютерга киритиш асносида асабийлашишни бошлади ва олдида турган баклажкани юзимга олиб келиб «сизни башарангизга шундай қилсам ёқадими» деб сўради. Унга юзни башара дейиш чиройли эмаслиги айтдим. Ходим «юз» сўзига «афт, чеҳра, жамол» каби синонимларни келтириб, «қайси бири сизга маъқул» деб мазах қилишни бошлади. Мен унинг бу ҳаракатларига эътибор бермасликка ҳаракат қилдим. У мендан бошқа ҳамма олиб келинганлар итоатли эканлигини, ортиқча гап қайтармаётганини айтиб яна асабийлашди. Сўралган маълумотларни тезда айтиб кейинги хонага чиқдим. У ерда ички ишлар бўлимига олиб келинганларни соқолини олишаётган экан, тўрт нафар сартарош томонидан. Олиб кирган ходим соқолимни олдириш кераклигини айтди. Мен унга жавобан соқолимни олдирмаслигимни айтдим. Унда бошқа хонага суҳбатга киришимни айтишди. Ичкарида одам борлиги туфайли кутишга тўғри келди. Навбатим келганида ичкарига кирдим. Бундан кейинги жараёнларда формасиз суҳбатдошларнинг ҳеч бири ўзини таништирмади (экспертдан ташқари)".

Блогердан соқолини олдиришини талаб қилган ички ишлар ходими соқол олдириш ҳақида юқоридан буйруқ борлигини, лекин ҳужжат кўрсатмаслигини айтган. «Ходим исми шарифимни сўради. Ундан ўзини таништиришни кўп марта сўрасам ҳам ўзини таништирмади. Соқолни нима мақсадда қўйганимни сўради. Соқол ўзимга ёқишини айтдим. Мавзуга диний тус беришга ҳаракат қилишди, яъни соқолни суннат ёки вожиб деб қўйганлигимни сўрашди. Уларга такроран соқолим ўзимга ёқишини, бу шахсий танловим эканини айтдим. Хуллас, соқолимни олишим шартлигини айтди. Мен унга бундай қилмаслигимни айтдим. У эса соқолимни олдирмасдан у ердан чиқаолмаслигимни айтди. Мен ундан соқол қўйиш мумкин эмаслиги ҳақидаги ҳужжатни сўрадим, лекин у менга соқолимни барибир олдиришим кераклигини айтди. Олмаслигимни айтгандим, ички ишлар ходимининг қонуний талабига бўйсунмаяпсиз, деб таҳдид қилди. Мен унга ички ишлар ходимининг ноқонуний талабига бўйсунмаслигимни айтдим. Шунда у соқол олдириш ҳақида юқоридан буйруқ борлигини, лекин ҳужжат кўрсатмаслигини айтди. Унинг бу талабига жавобан мен унга соқолимни олдирмаслигимни айтдим. Соқолимни қўлимга кишан солган ҳолдагина мажбурлаб олиши мумкинлигини айтдим. У менга шундай тасаввур қилиб, соқолимни олдиришимни айтди. Ўз навбатида унга устидан шикоят қилишимни айтдим. Қаерга шикоят қилишимни сўраганида ундан юқори турувчи органларга шикоят қилишимни, уни судга беришимни, қилаётган бу ноқонуний ишлари ОАВга олиб чиқишимни айтдим. Бунга жавобан соқолни олдириб истаган жойимга арз қилишим мумкинлигини айтди. Бу орада бошқа бир формасиз ходим телефоним бор-йўқлиги билан қизиқди. Унга телефонимни назорат пунктида қолдирганимни айтдим. У мендан рақамли биркани олди ва телефонимни олиб чиқиб текширди. Унга телефонимда оилавий, шахсий суратларим борлигини, уларни бегоналар кўришини хоҳламаслигимни айтдим. Лекин у менга қулоқ солмади».

Соқол олдирмасликдан бошқа иложи йўқлигини сезган блогер бунга мажбур бўлганини, бу жараёнда ҳам уни масхара қилишганини айтди.

«Вақт тиғизлиги сабабли ва ходим айтганидек, соқолни олдирмасдан у ердан чиқаолмаслигимни тушуниб, сартарошхонага чиқдим. Соқолимни олиш учун бўйнимга мато ташлаган сартарошдан уни мажбуран олиб келинганлигини сўраб билдим. Соқолимни 1 см қолдириб олишини сўрадим. Соқол олиш жараёнида эшик олдида турган ходим „сочини ҳам олиб ташла“ деб масхара қилди. Соқолимни 1 см қолдириб олинишига рухсат беришмади, бошқачасига олдирмаслигимни айтдим. Мен билан суҳбатлашган одам соқолимни кўриб соқолимнинг узунлиги тўғри келмаслигини, „0“ қилиб олиниши кераклигини айтди. Бунга кескин рад жавобини бердим. Ходим соқолимни у хоҳлаганидек олдириб истаган жойимга шикоят қилишим мумкинлигини айтди. Унгача у хонадан чиқмаслигимни айтди. Мен унга куч ишлатмасдан соқолимни ололмаслигини айтдим. Шунда бунга мажбур қилмаслигимни, оқибати ёмон бўлишини, шунчаки „соқолимни уриб олди“ деб тасаввур қилишимни айтди. Бунга кўнмагандим, турган жойимда соқолимни олиб ташлашди».

Ўзини Дин ишлари бўйича қўмита раиси ўринбосари Нуриймон Абулҳасаннинг шогирди деб таништирган Муродхон исмли киши соқолли одамлар Сурияга кетиб қолаётганини ва шу туфайли бундан кейин ҳамманинг соқоли олинишини билдирган. «Соқолим олиб бўлингач у ердан чиқмочи бўлдим, лекин мени аввалги суҳбат бўлган хонага олиб киришди ва хонанинг ўртасига ўтказиб қўйиб, соқолсиз кўринишим унга ёқаётганини айтди. Ташқи кўринишим унга ёқиш-ёқмаслиги мени қизиқтирмаслини айтдим. У менга чийроли бўлиб қолибсиз деб, ғалати гапиришни бошлади ва мени хижолат бўлишга мажбур қилди, хонадан тезроқ чиқиб кетгим келди. У мендан кейинги режаларим ҳақида сўради. Юрист билан қайтиб келишим, бу ноқонуний иши юзасидан тегишли идораларга арз қилишим ва ОАВга мурожаат қилишимни айтдим. Бу гапимдан кейин суҳбатимиз чўзилди. Сабабсиз ушлаб туришди. Телефон орқали «Қори ака»ни чақиринглар» деб кимнидир чақиртиришди. Ярим соатлар чамаси ўша одам келишини кутдик. Кейинчалик ўзини Нуриймон Абулҳасаннинг шогирди деб таништирган киши исми Муродхонлигинигина айтди ва бошқалар қатори ўзи ҳақида бошқа маълумот бермади.

Мендан соқолни нима қўйганимни сўрай бошлади. Юқоридаги жавобларни такрорлаб, бу менинг шахсий ишим эканлигини, қандай яшашни ўзим ҳал қилишимни айтдим. У менга агар соқолни суннат деб қўймаса, бундан ҳеч қандай савоб йўқлигини айтди. Савоб-гуноҳ Худо билан ўзимнинг ўртамдаги иш эканини ва бу ҳақида у одам билан гаплашиш истагим йўқлигини айтдим. «Бу ваҳҳобийларнинг гапи», — деган жавобни айтиб мени қўрқитмоқчи бўлди. Унинг бу гапига жавобан «ваҳҳобийлар» билан ишим йўқлигини айтдим. У менга диний билимимни синаш мақсадида турли саволлар бера бошлади. Соқолли одамлар Сурияга кетиб қолаётганини ва шу туфайли бундан кейин ҳаммани соқоли олинади, деб айтди. Мен соқолни Сурияга кетиш учун қўймаганимни, мисол келтириш учун дунёда Сурия ва Афғонистондан бошқа давлатлар ҳам борлигини эслатдим. Англия, Германия, АҚШ каби давлатларда соқолли одамлар ҳатто парламентда ҳам борлигини айтдим. Бу гапимдан кейин ёнимизда ўтирган ходимлардан бири «бу ер Ўзбекистон, хоҳласангиз ўша давлатларга кетишингиз мумкин», дея Ватанимдан чиқиб кетишимни таклиф қилди. Бунга жавобан мен Ўзбекистон ҳуқуқий-демократик давлат эканини, бу ерда соқол ўстириб юриш қонун билан тақиқланмаганини ва Ватанимдан кечмаслигимни айтдим".

Жамолиддин Муҳаммаджон шундан кейин ҳам унга турли саволлар бериш тўхтамаганини билдирди. «Вақт кеч бўлиб зарур ишларим қолиб кетаётгани, кун ботиб қоронғу тушишига оз қолгани сабабли кетишга изн сўрадим. Бир неча бор коридордан қайтариб ичкарига олиб киришди, суҳбат юқоридаги каби такрорланаверди. То қуёш ботгунича сабабсиз ушлаб тураверишди. Кетишимга рухсат беришгандан кейин зина томон юраётганимда яна қайтариб чақиришди ва суратга қайтадан тушишим кераклигини айтишди. Ҳуқуқ ҳимоячиларининг ноқонуний ҳаракатларидан, Ўзбекистон Республикаси фуқаросининг ҳуқуқларини бемалол поймол қилаётганларини кўриб хўрлигим келди ва кўз ёшимни тутолмадим. Суратга иккинчи бор тушаётган вақтимда кўз ёшларимни артиб ўзимни қўлга олишга ҳаракат қилдим. Маълумотларимни яна бир бор сўрашди. Йиғи аралаш гапиришга қийналдим ва паспортимни тутқаздим. Ўша ерда ўтирган бошқа ходимлар гўёки одам фақат калтаклангандагина йиғлайди деб ўйлашса керак, сизни кимдир урдими ёки сўкдими, дея саволлар бера бошлашди. Улар билан ортиқ суҳбатлашишга хоҳишим йўқ эди. Ҳужжатимни олиб ички ишлар бўлимини тарк этдим», дейди у.

Жамоллиддин Муҳаммаджон мазкур ҳолат юзасидан —

Тошкент шаҳар ички ишлар бош бошқармасига;

Ўзбекистон Республикаси президенти админстрациясига;

Давлат хавфсизлик хизмати раисига;

Тошкент шаҳар прокурорига;

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га;

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий марказ директорига;

Адлия вазирлигига

мурожаат қилганини билдирди.

Бошқа гувоҳлар

«Малика» СМдан чиқиш жойи.

Ушбу бозорда савдо қилувчи тадбиркорлардан бири исми сир қолишини сўраган ҳолда 23 август куни ИИББнинг бир нечта ходимлари, шунингдек ҳуқуқ-тартибот органи формасидаги одамлар — катта эҳтимоллар билан Давлат хавфсизлик хизмати вакиллари бозордан чиқаётган автомобилларни тўхтатган.

«Аср вақтида биз намоз ўқиш учун масжидга йўл олдик. „Малика“ бозоридан чиқиш жойидаги будка (патруль-пост хизмати пункти) ёнида ЙПХ ходимлари машиналарни тўхтатди… Яъни машиналар йўлида эмас, бозордан чиқиш жойида. Улар машиналарни тўхтатиб олд ўриндиққа ўтириб олиб, гаплашиш. Бунинг оқибатида унчалик катта бўлмаган тирбандлик юзага келди. Бунақасини бозор ҳудудида илк бор кўришим», — дейди у.

Унинг сўзларига кўра, эртаси куни ўпчилик сотувчилар иш жойига соқолсиз келган.

«Ижтимоий тармоқларда биз Жамолиддин Муҳаммаджон ҳақидаги хабарни кўргандик, эртаси куни эса барча (сотувчилар) ишга соқолсиз келди. Ҳа, соқолидан ажралганлар асосан кўчада ишловчилар бўлди. Аммо биз ҳуқуқ тартибот органлари ходимлари хизмат ва фуқаро кийимида дўконларга кириб, сотувчиларни огоҳлантирганини кўрдик», — дея таъкидлади тадбиркор.

Яна бир сотувчи анонимликни сақлаш шарти билан уни бўлинмага олиб кетмоқчи бўлган ИИБ ходимлари билан суҳбат ҳақида айтиб берди.

«Биз соат 14:00 дан кейин тушлик қилгани чиққанимизда икки нафар таниш милиция ходими мени тўхтатди. Ўзлари билан бўлинмага боришим кераклигини айтишди. Буни соқол қўйган номаълум одамнинг жиноят содир этгани билан изоҳлашди. Мен уларга ҳали тушлик қилмаганимни, шу сабабли вақтим йўқлигини айтдим ва „Миллий таомлар“ (кафе)га кирдим. У ердан тахминан 40 дақиқадан кейин чиққанимда бошқаларни олиб кетишаётганини кўрдим. Ҳатто озгина соқол қўйган қариндошимни ҳам олиб кетишди. Бу воқеадан сўнг мен шарманда бўлмаслик учун ўзим соқолимни олишга қарор қилдим», — деди у.

«Газета.uz» шунингдек бўлинмага олиб кетилиб, соқоли олинган яна бир инсон билан суҳбатлашди.

«У ерда 100 га яқин одам бор эди. Барчаси соқолли. Уларнинг ҳеч бири (ИИБ ходимлари — таҳр.) ўзини таништирмади. Бизни нега бўлинмага олиб келишганининг сабабини айтишмади. Соқолимни олинишига дарров рози бўлдимми? Бошқа вариант йўқ эди. Соқол олиниши билан қўйиб юборишларини айтишди. У ерда уч нафар сартарош бор эди. Мени икки марта — соқол билан ва соқолсиз ҳолатда суратга олишди. Кейин у ерда уч соат бўлдим. Шунчаки (сартарошга) навбат катта эди», — дейди тадбиркор.

ИИББ: Ҳеч кимнинг соқоли мажбурлаб олинмаган ва олинмайди ҳам

Ўз навбатида кеча Тошкент шаҳар ИИББ ҳам мазкур ҳолат юзасидан баёнот берди. Унда айтилишича, пойтахтда ҳар йили шаҳар аҳолиси ва меҳмонларининг хавфсизлигини таъминлашга қаратилган «Хавфсиз ҳудуд» тадбирлари ўтказилади.

«Шу билан бирга, ушбу тадбирлар давомида жамоат жойларига, масалан Сайилгоҳ кўчаси, боғлар ва хиёбонлар, кўнгилочар-савдо марказлари, бозорлар ва ҳоказоларга алоҳида эътибор қаратилади. Баъзи объектларда вазиятни кузатиш учун ташқи кузатув интеллектуал камераларидан фойдаланилади. Маълумотлар базасига қидирувда бўлган шахсларнинг биометрик паспортларидаги маълумотлар, яъни тартиб бўйича кўзойнаксиз, бош кийимисиз ва соқолсиз туширилган расмлари киритилган», дейилади баёнотди.

Шунингдек соқол олиниши ҳолатига ҳам тўхталиб ўтилган. «23−24-август кунлари Шайхонтоҳур туманидаги „Малика“ деб номланмиш савдо масканида бўлиб ўтган ҳодисага тўхталсак. Дарҳақиқат, у ерда ишлайдиган баъзи шахслар бўйича ўғрилик, ўғирланган қўл телефонларини сотиб олиш ва сотиш фактлари асосида қўзғатилган жиноят иши доирасида тезкор тадбирлар ўтказилган. Афсуски, бу каби ҳолатлар ҳануз рўй бериб туради ва ушбу савдо масканида расман ва норасман ишлайдиган алоҳида шахслар қонунбузарликларга аралашиб қолишган. Суҳбатга таклиф этилганлар соқоли бор ёки йўқларга ажратилмаган, аммо таъкидлаш жоизки, соқоллилар у ерда кўпчиликни ташкил этади».

«Алоҳида фуқароларга ташқи кўринишларини биометрик паспортдаги расмларига мувофиқлаштириш тавсия этилган. Деярли барча ушбу илтимосни тўғри тушунди. Кўплар соқол қўйиб юриш улар учун муҳим эмаслигини, балки вақт йўқлиги, модага тақлид қилиш ва бошқа сабабларга кўра соқолларини олмаганларини маълум қилишди», дейилади ИИББ хабарида.

«Шу билан бирга қатъий маълум қиламизки, юқоридаги ҳолатга диний мазмуннинг ҳеч қандай алоқаси йўқ. Қолаверса, бу вазиятда диндорларнинг ҳиссиётлари билан ўйнашиш, мазкур мавзуни бўрттириш ноўриндир», дейилади баёнотда.