Ижтимоий тармоқларда «соқол» деб номланган тадбир ҳақида сўз бориб, унда соқолли фуқароларни аниқлаш, сўнгра уларни соқол олишдан олдин ва кейин суратга олиш кераклиги айтилган аудиоёзув тарқалди.

«Ҳурматли ходимлар, «соқол» тадбири бўйича ҳам тезлаштириб қилиб берайлик. «Горотдел»дан сўраяпти, Ички ишлар вазирлигидан келган меҳмонлар назоратга олган. Ҳар битта «ГОМ» (шаҳар милиция бўлими) га 20 тадан соқоллиларни [фуқароларни] аниқлаб, соқоли билан расмга олиб, кейин соқоли олдирилгани ҳолатини ҳам расмга олиб, олдига маълумотини ёзасизлар: қаерда яшайди, нечанчи йил ким у. Худди шундай қилиб тезлаштириб қилиб беришимиз керак. Ҳар битта «ГОМ» га 20 тадан берилган, бизда битта ҳам ҳали бўлгани йўқ. Кечқурун сўров бўлади, эътироз бўляпти, бўла қолинглар тезроқ!» — дейди аудиоёзувда буйруқ бераётган шахс.

«Газета.uz» сўровига биноан Ички ишлар вазирлиги матбуот котиби Шохрух Ғиёсов вазиятга изоҳ берди.

«Ички ишлар органларида бундай номланадиган тадбир умуман йўқ. Соқол қўйиш-қўймаслик ҳар бир фуқаронинг ўзига, эътиқодига боғлиқ. Бунга аралалишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ», — деди у.

Матбуот котиби мазкур овоз кимга тегишли эканлигини ИИВ ўрганиб чиқишини маълум қилди.

2018 йил апрель ойида Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармасининг собиқ бошлиғи Рустам Жўраев (ҳозирда Миллий гвардия қўмондони) соқол қўйиш қонун билан тақиқланмаганлигини айтган эди. Унинг сўзларига кўра, ушбу масалага муносабат «болаларга қандай тарбия берилгани ва маданий жиҳатдан улар нимага ўргатилгани» га боғлиқ.

2019 йил август ойида Тошкентдаги «Малика» савдо марказида ўтказилган рейдда соқол қўйган кишилар Шайхонтоҳур тумани 4-сонли ички ишлар бўлимига олиб борилиб, мажбурий равишда соқоли олинган эди. Тошкент шаҳар ички ишлар бошқармаси соқол олишга мажбур қилинганлигини инкор этган.