7 май куни адлия вазири Русланбек Давлетов Тошкентда бўлиб ўтган III Халқаро рейтинг форумида Ўзбекистонда турли соҳаларда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва улар мамлакатнинг халқаро рейтинглардаги ўрни қандай таъсир кўрсатаётгани ҳақида гапирди, деб хабар беради «Газета.uz» мухбири.

Унинг сўзларига кўра, рейтингларни яхшилаш бирдан-бир мақсад эмас, вазифа аҳоли реал ўзгаришларни ҳис қилишига эришишдан иборат. Шу билан бирга, хорижий инвесторлар ва ташкилотлар рейтингларни мўлжалга олади, шунинг учун уларни яхшилаш бўйича ишлар олиб борилмоқда.

Адлия вазирлиги раҳбарининг айтишича, Ўзбекистон халқаро рейтинглардаги ўринларни яхшилаш устида иш бошлаганида, энг қийини уларни тузиш методологиясини тушуниш бўлган.

«Нимага у ёки бу рейтингда Ўзбекистоннинг рейтинги жуда паст? Кўп ҳолларда бугунги кунда бўлаётган ўзгаришларнинг етарли даражада тезроқ у ерда кўрилмаётганини ҳам кузатиб турамиз. Ўзимиз ҳам қилинаётган ишларни таҳлил қиламиз-да, (рейтинг) нимага ўзгармаяпти, деб ҳайрон қоламиз. Шунда бевосита мана шу ташкилотларга чиқиб, улар билан семинарлар қилиб, яқиндан мулоқот қилиб, Ўзбекистондаги ислоҳотлар қаерда, қандай йўналишда кетиши кераклигини ўрганяпмиз», — деди вазир.

Адлия вазирлиги раҳбари мамлакат ўз тараққиёт йўлида турли чақириқлар билан тўқнашаётганини таъкидлади. Жумладан, хусусий мулкни ҳимоя қилиш билан боғлиқ муаммолар дарҳол тегишли индексдаги Ўзбекистон позициясига таъсир кўрсатган.

«Мана ҳозир бу муаммони ҳал қилдик. Қонунлар қабул қилиб, мулк ҳуқуқини кафолатлаш бўйича жуда катта қадамлар қўйилди. Янги қонунлар қилиняпти, мана ҳозир давлат дастурида алоҳида президент фармони тайёрланяпти, мулк ҳуқуқига ривожланишимизнинг асосий омили сифатида қаралмоқда», — деди у.

Русланбек Давлетов Ўзбекистон сўз эркинлиги рейтингидаги позициясини бирданига 24 поғонага яхшилаб, 133-ўринга кўтарилганини эслаб ўтди.

«Бизнинг фикримизча, давлат ташкилотларида ишлаётганлар журналистларнинг профессионал даражада ривожланаётгани, давлат органларини қаттиқ танқид қилаётгани 133-ўринда эмас, юқорироқ ўринда бўлиши керак, деб ўйлаймиз. Ўзи, Танзила опа (Сенат раиси Танзила Нарбаева — таҳр.), 133-ўрин шу бўлса, 50-га чиққанимизда нима бўлади — биз ҳайрон бўлиб турибмиз. Албатта, ҳазил. Биз шундай бўлишини қўллаб-қувватлаймиз. Лекин, биз ўйлаймизки, бу соҳага ҳам объективлик, бу соҳада бўлаётган яхши хабарларни ҳам тўғри кўрсатиб, ОАВ билан конструктив мулоқот бўлса, жуда яхши бўларди», — дея таъкидлади адлия вазири.

Вазир Буюк Британияда жамоатчилик томонидан молиялаштириладиган BBC хизмати стандартларидан мисол келтирди.

Русланбек Давлетов Ўзбекистонни ривожлантириш учун маъмурий ислоҳотларнинг муҳимлигини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, Адлия вазирлиги тузилмасини оптималлаштириш бўйича чоралар кўрилиб, Давлат хизматлари агентлиги ва Интеллектуал мулк агентлиги бирлаштирилди.

«Камида 100 млрд сўм Ўзбекистон бюджетига фойда келтирдик. Хизмат кўрсатиш тузилмаларига тегмадик, бошқарув тузилмалари ва раҳбарлар сонини камайтирдик, буйруқ берадиганлар сонини камайтирдик», — деди у.

Унинг сўзларига кўра, худди шундай ўзгаришлар бошқа вазирликларда ҳам бўлиши кутилмоқда ва бу осон бўлмайди.

«Осон бўлмайди, албатта. Қайси вазирлик ўзини йўқотишни хоҳлайди? Мана шу функциямиз керак эмас, мана шу катта ваколатимиз, ҳокимият функциямиз керак эмас, демайди. Яъни бу ерда, табиийки, идоравий мақсадлар борки, буни президентимизнинг сиёсий иродаси орқали, ҳукуматимиз раҳбарларининг сиёсий иродаси орқали буни ҳал қиляпмиз», — деди вазир.

Русланбек Давлетов рақамлаштириш масаласига ҳам тўхталиб ўтди. Унинг таъкидлашича, бу рақамлаштириш бўйича индекслардаги вазиятни яхшилаш эмас, балки маъмурий муносабатларни тўғрилаш, уни мақбуллаштириш, бюрократиядан воз кечиш, бюрократия натижасида вужудга келаётган коррупция ҳолатларини бартараф этиш учун зарур.

«Президент яқинда бюрократияга қарши тўртинчи пакет ҳужжатни эълон қилди… Давлат хизматларининг 30 фоизигина электронлашган. Биз ҳозир шундай индикатор қўйяпмиз, 70 фоизга чиқиш. Чунки ҳамма одам давлат хизматлари марказига келяпти, бир йилда 10−11 млн одамга хизмат кўрсатяпмиз, навбатлар пайдо бўлмоқда. Рақамлаштирсак, албатта, осонлашади», — деди у.

Қийинчилик томони йиллар давомида йиғилиб келаётган маълумотларнинг қоғоз кўринишида қолаётгани, ҳужжатларни рақамлаштириш эса маблағ ва бир қанча ташкилотлар ўртасидаги интеграцияни талаб қилади.

«Эртага 2−3 та ташкилот алоҳида рақамлаштирса, натижада интеграция билан боғлиқ муаммо пайдо бўлади, бир-бирининг кодларини ўқимай қолиши мумкин. Шунинг учун ягона давлат сиёсати нуқтаи назаридан ёндашиш керак. Мана, яқинда ФҲДЁ соҳасида 65 млн та архив ҳужжатларини тугатдик архивлаштиришни. Энди муаммо бўляптики, ПИНФЛга (Жисмоний шахснинг шахсий идентификацион рақами — ЖШШИР) бириктирилмаган. Чунки ПИНФЛ тизими янги чиққан, олдинги туғилганларда ПИНФЛ бўлмаган. Архивга киритилган бутун 65 млн далолатномаларни, биласизлар, ФҲДЁда далолатномалар расмийлаштирилади, ҳаммасини бириктириб, янгидан рақам бериб чиқяпмиз», — дея маълум қилди вазир.

Русланбек Давлетов ўтган йили давлат органлари фаолиятининг очиқлиги тўғрисида президент фармони қабул қилингани, унга кўра, давлат органлари ўз фаолияти, жумладан, харидлар, хизмат сафарлари, хизмат автомашиналари ва уй-жойлар бўйича 33 та очиқ маълумотни эълон қилишлари шартлигини айтди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирда давлат органлари фаолиятининг очиқлиги бўйича янги ҳужжатлар тўплами ишлаб чиқилмоқда.

Бундан ташқари, Ўзбекистонда «халқаро рейтингларни ерга яқинлаштиришга ёрдам берувчи» миллий рейтинглар, жумладан, ҳудудларда қонун устуворлиги индекси, бизнес-индекслар жорий этилаётгани таъкидланди.