Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги ва Интеллектуал мулк агентлиги вазирлик таркибига қўшиб юборилди. Адлия вазири маслаҳатчиси Шаҳноза Соатованинг ёзишича, 17 март куни президент тегишли фармонга имзо чеккан.

Ҳужжат билан икки агентлик вазирлик таркибида департаментлар сифатида фаолият юритади. Қўшилиш натижасида Адлия вазирлигида республика даражасидаги раҳбарлар сони 2 баробарга қисқарди ва бошқарув ходимлари сони 110 тага камайди.

«Вазирлик тизимидаги бошқарув тузилмалари 666 тадан 222 тага, бир-бирини такрорловчи вазифалар 34 фоизга, функциялар 46 фоизга қисқармоқда. Натижада 84,5 млрд сўм иқтисод қилинади», — дейилади хабарда.

Бундан ташқари, туман даражасида алоҳида фаолият юритадиган 4 та тузилма бирлаштирилмоқда. Адлия бўлимлари, ДХМ, ФҲДЁ, юридик хизмат марказлари туман-шаҳар адлия бўлимлари таркибига киритилмоқда. «Демак, маъмурий бинолар, хизмат машиналари ва бошқа ресурслар бўшайди, иқтисод қилинади», — дейилади хабарда.

Шунингдек, вазирлик марказий аппаратидаги бошқармалар сони ҳам 24 тадан 20 тага қисқартирилди.

Фармон билан «Рақамли адлия» тизими бунёд этилади. «Яъни айрим кадрлар қиладиган ишларни энди автоматлашган тизимлар бажаради», — деб ёзади Шаҳноза Соатова.

Эслатиб ўтамиз, 7 февраль куни вазир Русланбек Давлетов Давлат хизматлари агентлиги тугатилиб, вазирлик таркибида алоҳида бошқарма сифатида қайта ташкил этилиши мумкинлигини айтганди. Ўшанда у бу ғоя президентга тегишли эканлиги ва буни у ҳал қилишини таъкидлаганди.

Вазир шунингдек, «давлат хизматлари тизимидаги ходимлар ҳам, хизматлар ҳам кўпашини» қўшимча қилганди.

«Бизни таклифларимиз ҳали охиригача етгани йўқ. Қандай бўлса, шундай бўлади. Балки алоҳида ташкилот бўлар, ўзи жамоатчилик агентликларни камайтиринглар деб бонг уриб ётипти. Балки камайтирармиз, лекин ҳеч қачон давлат хизматлари тизими йўқолиб кетмайди, у ривожланади, у ердаги ходимлар ҳам, хизматлар ҳам кўпаяди. [Давлат хизматларини кўрсатиш тизими] 10 йиллардан кейин жуда катта бўғимга айланади. Ҳамма электрон [хизмат]га ўтиб кетади», — деди Русланбек Давлетов.