«Чегарасиз репортёрлар» (RSF) халқаро ноҳукумат ташкилоти томонидан тузиладиган «Жаҳон матбуоти эркинлиги» индексининг 2022 йилги рейтингида Ўзбекистон 24 поғонага кўтарилиб, 133-ўринни эгаллади. Ўтган йилги рейтингда мамлакат 157-ўриндан жой олган эди.

Ўзбекистон рейтингда кўтарилган бўлса-да, мамлакатдаги умумий матбуот эркинлигини ҳолатини ифодаловчи балл кўрсаткичлари ўтган йилгидан пастлаган. 2021 йилда Ўзбекистон рейтингда 49,26 балл тўплаган бўлса, 2022 йил рейтингида мамлакатга 45,74 балл берилган. Натижада Ўзбекистон матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият «мураккаб» бўлган мамлакатлар қаторида қолди.

«Чегарасиз репортёрлар» ташкилоти 2022 йилдан бошлаб рейтинг методологиясига ўзгартириш киритган. «Методологиядаги ушбу ўзгариш сабабли 2021 ва 2022 йиллардаги позициялар ва баллар кўрсаткичларини таққослашда эҳтиёткорлик билан ёндашиш керак», — дейилади ташкилот баёнотида. Эндиликда рейтингни тузишда ташкилот бешта асосий кўрсаткичлардан фойдаланади — сиёсий контекст, иқтисодий контекст, қонунчилик базаси, ижтимоий-маданий контекст ва хавфсизлик.

Ўзбекистон сиёсий контекст бўйича 129-ўринда бўлса, иқтисодий контекст бўйича 123, қонунчилик базаси бўйича 136, ижтимоий-маданий контекст бўийча 138 ва хавфсизлик масаласида 129 поғонани қайд этган. Нодавлат акторлар (реклама берувчилар ва тижорий ҳамкорлар) ва ОАВ эгаларига нисбатан давлат сиёсатига алоқадор иқтисодий чекловларни баҳоловчи иқтисодий кўрсаткичлар бўйича Ўзбекистон «жуда оғир вазиятли» мамлакатлар орасида.

Ўзбекистон рейтингда Уганда (132-ўрин) ва Жазоир (134-ўрин) ўртасида жойлашган. Қозоғистон 122-ўринда, Тожикистон 152-зринда, Туркманистон эса 177-ўринда.

Марказий Осиё давлатлари орасида етакчи давлат Қирғизистон бўлиб, мамлакат рейтингда 72-ўринни эгаллаган.

Дунё мамлакатларида матбуот эркинлиги

RSF «Жаҳон матбуот эркинлиги» индексининг 2022 йилги рейтинги дунё мамлакатларида поляризация (бўлиниш) чуқурлашганини, ахборот хаоси кучайганлигини кўрсатди: мамлакатлар ичида бўлинишга олиб келувчи ОАВ поляризацияси ва халқаро миқёсда давлатлар ўртасидаги поляризация, дейилади ташкилот баёнотида.

Норвегия (1-ўрин), Дания (2-ўрин) ва Швеция (3-ўрин) мамлакатлари сўз эркинлигининг демократик модели сифатида етакчи давлатлар бўлиб қолмоқда. Шунингдек, ОАВ олигархлар томонидан назорат қилинадиган Молдова (40-ўрин) ва Болгариядан (91-ўрин) сўз эркинлиги ва журналистлар аҳволи бўйича ижобий ўзгаришлар кутиш мумкинлиги таъкидланган.

Ташкилот Россиянинг (рейингда 155-ўрин) 2022 йил феврали охирида Украинага (106-ўрин) бостириб киришидан олдин пропаганда уруши олиб борилганлигини таъкидлади.

Шунингдек, ташкилот экспертлари Россия уруш ҳақидаги хабарларни нафақат ўз чегарасида назорат қилаётганлиги, балки уруш ҳақидаги ўзининг қарашини айрим қўшниларига ўтказишга ҳаракат қилаётганлигини айтган. Кавказ давлатларидаги ОАВларнинг мақолалари ёқмаган баъзи ҳолларда Россия регулятори ОАВни блоклайди. Марказий Осиё ҳукуматлари эса ОАВлар можарони «нейтралроқ» ёритиши учун босим ўтказмоқда. Туркманистонда эса уруш умуман ёритилмайди, дейилади ҳисоботда.

Демократик давлатларда ОАВ поляризацияси жамиятдаги норозиликларни кучайтирмоқда ва қўллаб-қувватламоқда, мисол учун, АҚШда (42-ўрин). Ижтимоий тармоқлар ва «фикрлар журналистикаси»га амал қиладиган янги ОАВлар оқибатида ижтимоий ва сиёсий босим кучаймоқда, айниқса Франция (26-ўрин) ва Бельгияда (23-ўрин).

12 та мамлакатда матбуот эркинлиги билан боғлиқ вазият «жуда оғир аҳволда», деб баҳоланмоқда. Булар орасида Беларусь (153-ўрин), Россия (155-ўрин), Хитой (175-ўрин), Бирма (176-ўрин), Туркманистон (177-ўрин), Эрон (178-ўрин), Шимолий Корея (180-ўрин) давлатлари бор.