Тошкент шаҳар ҳокимлиги томонидан 12 мингта кўп қаватли уйлар инвентаризациядан ўтказилиб, уларнинг ҳолати текширилиб, эскирганлик даражаси баҳоланмоқда, деб хабар берди пойтахт ҳокимлиги матбуот хизмати.

Уч ой ичида барча кўп қаватли уйларни ўрганишни якунлаш ва маълумотларни Тошкент шаҳрининг рақамли харитасига киритиш режалаштирилган.

«Аниқланган камчиликларни долзарблигига кўра кучларни жамлаган ҳолда бартараф этиш бўйича оптимал режа ишлаб чиқиш режалаштирилган», — дейилади ҳокимлик хабарида.

Инвентаризация 12 нафар коммунал инспектор томонидан амалга оширилиб, кўп қаватли уйлар айланиб чиқилади. Улар томларни, ертўлаларни, фасадларни суратга олади ва кўплаб мезонлар бўйича махсус тузилган саволномани тўлдиради, ҳар бир ҳолатни беш балли тизимда баҳолайди.

«Фотосуратларни жўнатиш ва саволномани тўлдиришдан олдин инспектор „Гармония“ манзиллар реестрида бинони танлайди, ГПС тизими инспекторнинг координаталарини аниқлайди ва уларни текширилаётган уйнинг координаталари билан таққослайди. Агар координаталар мос келса ва фотосуратнинг асллиги текширилиб, тўғри келса, инспекторнинг киритган маълумотлари тасдиқланади», — дея изоҳлайди ҳокимлик текшириш алгоритмини. Бундан аён бўладики, инспектор офисда ўтириб, жойга бормасдан ва бинони кўздан кечирмасдан, бу ҳақда маълумот юбора олмайди, дея қўшимча қилди шаҳар маъмурияти.

Инспектор, бошқа нарсалар қатори, уйнинг фасади, йўлаклари, рақами, ёритиш тизими, ноқонуний қурилмалар мавжудлиги ва бинонинг бошқа параметрларини ҳисобга олади. Администратор инспекторнинг барча маълумотларини текширади ва уларни тасдиқлайди ёки баъзи маълумотларга аниқлик киритишни сўрайди.

Эслатиб ўтамиз, йил бошида пойтахт ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти томонидан Age Tashkent интерактив харитаси яратилган бўлиб, унда шаҳардаги 336 мингдан ортиқ бинонинг ёши ҳақида маълумот олиш мумкин.