Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳузуридаги Рақамли ривожланиш департаменти пойтахт бинолари ёшини аниқлашга ёрдам берадиган интерфаол харитани ишга туширди. Бу ҳақда пойтахт матбуот хизмати хабар берди.

Age Tashkent лойиҳасидан фойдаланиш учун фойдаланувчи харитада ўзини қизиқтирган бинони топиб, устига сичқончани олиб бориш орқали бинонинг қурилиш санаси, тури (турар жой биноси, маъмурий бино) ва бошқа маълумотларга эга бўлиши мумкин.

Бинолар қурилган йилига қараб, ранг-баранг тарзда кўрсатилган. Экраннинг ўнг қисмида берилган диапазондаги, масалан, 1944 ва 1998 йиллар оралиғида қурилган биноларни кўрсатиб турувчи «градусник» жойлашган. Қадимий бинолар тўкилувчи материаллар, сомон ва лой рангида ифодаланган, чунки бу даврда қурилишда ушбу материаллардан фойдаланилган. Собиқ СССР даврини оловранг ва қизил ранг акс эттирса, 1966 йилдаги ер қимирлашидан кейин пайдо бўлган метро кўк рангда намоён бўлади. Мустақиллик йилларига оч ҳаворанг белги бўлса, янги Ўзбекистон даври яшил рангда бўялган.

Экраннинг чап қисмидаги «Сирли хона» қулф белгисига босиб, Тошкентнинг чегараларини йилидан келиб чиқиб кўриш мумкин. Унда барча туманлар, шаҳар атрофидаги қалъа девори, 12 та дарвоза, шунингдек, маданий мерос объектларининг археологик ҳамда кўчаларнинг замонавий номлари кўрсатилган.

Бинонинг ёши ёки бошқа маълумотларида хатолик топган фойдаланувчилар у ҳақида қайта алоқа орқали маълумот беришлари мумкин.

Қурилмалар ёшини визуаллаштириш лойиҳасини Нидерландияда ишлаб чиқилган, сўнгра Европа ва Россияда кенг тарқалган Building Age Maps челленжи илҳомлантирди. Ўзбекистон — бинолар ёшини кўрсатувчи бундай интерактив карта пайдо бўлган илк Марказий Осиё мамлакатидир, дея таъкидлаган ҳокимлик ахборот хизмати.