Бош прокуратура тизимида 8 нафар ходимдан иборат бўлган Зомин табиатини муҳофаза қилишга оид қонунчилик ижроси устидан назорат ва ерлардан ноқонуний фойдаланишни бартараф этиш бўйича ихтисослаштирилган прокуратура ташкил этилади. Бу ҳақда президентнинг «Жиззаx вилоятида табиатни муҳофаза қилишга оид қонунчилик ижросини таъминлашнинг кўшимча чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўрсатиб ўтилган.

Қарорга кўра, ихтисослаштирилган прокуратура ходимлари Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ҳамда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасидан 4 нафардан ходимни қисқартириш ҳисобига шакллантирилади.

Ихтисослаштирилган прокуратуранинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

  • Жиззах вилоятининг Зомин ва Бахмал туманлари ҳудудларида табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш ва рекреация мақсадларига мўлжалланган ерлар, ўрмон ва сув фонди ерлари, шу жумладан Зомин миллий табиат боғи ва Зомин давлат қўриқхонаси ерларидан оқилона фойдаланиш ҳамда бундай ерларни муҳофаза қилишга қаратилган қонунчилик ҳужжатлари устидан доимий назорат ўрнатиш;
  • туманлар ҳудудидаги табиатни муҳофаза қилиш, соғломлаштириш ва рекреация мақсадларига мўлжалланган ерларнинг ўзбошимчалик билан эгаллаб олиниши ҳамда уларда ноқонуний қурилмалар қурилишининг олдини олиш бўйича доимий чоралар кўриб бориш;
  • туманлар ҳудудидаги ўрмон ва сув фонди ерларидан мақсадли ҳамда самарали фойдаланилиши устидан доимий мониторинг олиб бориш;
  • туманлар ҳудудида табиатни, ер ости бойликларини, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишга қаратилган қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши устидан қатъий прокурор назротини ўрнатиш;
  • «Зомин» туристик-рекреация зонаси ҳудудинингг экотуризм салоҳиятини янада ривожлантириш, туристлар саёҳати учун қулай шарт-шароитлар яратиш, янги туризм йўналишларини ташкил этиш, туристлар оқимини янада кўпайтириш бўйича белгиланган вазифаларнинг ижро этилишига кўмаклашиш;
  • соҳада қонун бузилиши ҳолатларини барвақт аниқлаш ва уларнинг олдини олиш чораларини кўриш.

Ихтисослаштирилган прокуратура Зомин туман ҳудудида жойлашади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ «Зомин» туристик-рекреацион зонаси ташкил этиш бўйича президент фармони имзоланган эди. Унга кўра, туристик зона ҳудудида «Суффа платоси. 2400» халқаро умуммавсумий курорти ва «Ўриклисой» туризм мажмуаси ташкил этилиши белгиланган.