Жиззах вилоятида туристик зона ва умуммавсумий курорт ташкил этилиши режалаштирилмоқда. Бу президентнинг 6 апрелдаги «Зомин» туристик-рекреацион зонасини ва халқаро умуммавсумий курортни ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисидаги фармонида акс этган.

Мазкур ҳужжатга мувофиқ, қуйидагилар ташкил этилади:

  • «Зомин» туристик-рекреацион зонаси;
  • «Зомин» туристик-рекреацион зонаси дирекцияси давлат унитар корхонаси;
  • Туристик зона ҳудудида «Суффа платоси. 2 400» халқаро умуммавсумий курорти ва «Ўриклисой» туризм мажмуаси.

Туристик зона фаолият кўрсатиш муддати кейинчалик узайтириш имконияти билан 30 йилга ташкил қилинади.

Ҳудудда электромобиллар учун электр қувватлаш станциялари, вертолётлар учун учиш-қўниш майдончалари жойлаштирилиши режа қилинган.

Спортнинг экстремал турлари, жумладан, зимплайн учун шароит яратилади. Фотосуратлар олиш учун манзарали ва ноёб жойларда селфи зоналар, қолаверса, сувенир ва озиқ-овқат маҳсулотлари савдоси объектлари бунёд этилиши кўзда тутилган.

2024 йил 1 январгача қайта тикланувчи энергия манбаларини ташкил этиш учун тадбиркорлар томонидан импорт қилинадиган асбоб-ускуналар, техника, хомашё, бутловчи буюмлар, эҳтиёт қисмлар ва бошқа материаллар божхона тўловларидан (ҚҚС ва божхона расмийлаштируви йиғимларидан ташқари) озод этилади.