Президент Шавкат Мирзиёев раислигида туризм хизматлари кўламини кенгайтириш ва инфратузилмасини ривожлантириш бўйича ўтказилаётган видеоселектор йиғилишида Қорақалпоғистон, Андижон, Бухоро ва Фарғона вилоятларидан ташқари барча ҳокимларнинг туризм бўйича ўринбосарларига 3 ой синов муддати белгилаш, якуни бўйича лавозимга лойиқлигини кўриб чиқиш топширилди. Бу ҳақда президент матбуот котиби Шерзод Асадов хабар бермоқда.

Йиғилишда мамлакатдаги 122 та музей салоҳиятидан фойдаланилмаётгани таъкидланди. Уларда 2,5 млндан ортиқ ашё сақланиб, 112 мингтаси нафақат Ўзбекистон, балки жаҳон миқёсида ноёб ҳисобланади.

«Лекин қайси ҳоким музейлар муаммоси билан шуғулланди, деган саволга ижобий жавоб йўқ. Мисол учун, Савицкий, Термиз археология, Ўзбекистон давлат санъат музейларига бутун дунёдан одамлар келади, лекин аҳолимизни бу маданият масканларига бориши тизимли ташкил этилмаяпти. Шу боис бугун Абдуҳакимовга янги ўринбосарлар — Бахтиёр Ибрагимов, Нусратилла Зикриллаев, Ботир Шахриёровни тайинладим. Ҳар бир вилоят ҳокимига ҳам туризм бўйича ўринбосарлар берилган. Бундай имконият қачон бўлган? Бу борада Қорақалпоғистон, Андижон, Бухоро, Фарғонада туризм бўйича ўринбосарлар яхши ишлаяпти. Қолган ҳудуд масъуллари ҳали „уйғонгани“ йўқ», — деди президент.

Ушбу 4 та ҳудуддан ташқари барча вилоят ҳокимларининг туризм бўйича ўринбосарларига 3 ой синов муддати белгилаш, якуни бўйича лавозимга лойиқлигини кўриб чиқиш топширилди.

Шунингдек, давлат раҳбари томонидан туризм вазири, унинг янги тайинланган ўринбосарлари, вилоят ҳокимлари ва туризм бўйича муовинларига туризм соҳасида пандемиягача бўлган кўрсаткичларни тиклаш энг устувор вазифа этиб белгиланди. Туризм ва унга турдош соҳаларда камида 200 мингта янги иш ўринлари яратиш вазифаси қўйилди.

Жорий йил биринчи чорагида хориждан 610 минг нафар ёки ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 2,5 баравар кўп туристлар келди. Май ойида ҳамкор давлатлардан сайёҳларнинг 20 фоизи келиши кутилмоқда (илгари бу рақам 2−3 фоиз бўлган).

«Лекин ҳар бир ҳоким ҳудудимда тарихий обидалар ёки манзарали жойлар кўп, деб хотиржамликка берилмаслиги керак. Меҳмонхона, музей, транспорт ва йўллар, сервис, овқатланиш жойлари келаётган туристларни қабул қилишга тайёрми? Бунинг учун қайси ҳоким тайёргарлик қилди?» — дея савол қўйди давлат раҳбари.

Президент туризм салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқаришга тўсқинлик қилаётган камчиликларни санаб ўтди. Мисол учун, Қорақалпоғистон, Андижон, Қашқадарёда мавжуд меҳмонхона ўринлари талабга нисбатан анча камлиги айтилди.