Ўзбекистонда Хитойнинг «Гуанжоу» клиникасининг Тошкент шаҳридаги ва бошқа вилоятлардаги филиаллари лицензия олгандан сўнг фаолият юрита бошлаган. Бу ҳақда Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Ботир Қурбонов АОКАда ўтган матбуот анжуманида маълум қилди.

Эслатиб ўтамиз, 23 апрель куни Ўзбекистонда Хитойнинг «Гуанжоу» клиникасининг Тошкент шаҳридаги ва бошқа вилоятлардаги филиалларида маҳаллий дориларни қайта қадоқлаб, қиммат нархга сотилаётгани маълум бўлди ва ҳолат бўйича текширув ишлари бошланди.

СЭС бошлиғи ўринбосари Ботир Қурбонов ҳозирда текширув давом этаётгани, ҳолат бўйича ҳали қўшимча маълумот берилишини айтди.

«Guangjou`да текшириш жараёнлари ҳали охиригача етказилгани йўқ. Текширув тугагач, давлат органлари ва СЭС томонидан бажарилган ишлар бўйича ахборот берилади. Лекин ҳозиргача бўлаётган жараёнда тиббиёт муассасаси лицензия олиш учун мурожаат қилган, лицензия олиб, кейин аҳолига хизмат кўрсатишни бошлаган», — деди у.

Унинг таъкидлашича, муассасанинг лицензия олиши жараёнида ноқонуний ҳужжат кузатилмаган.

«Лицензия олиши жараёнида ноқонуний ҳужжат кузатилмаган. Агарда ноқонуний ҳолат кузатилса, лицензия берилмаган бўларди. Бугунги кунда лицензияга эга бўлган барча тиббиёт муассасалари, хусусий муассасалар лицензия бериш вақтида қандай ҳолатда бўлгани тўғрисида лицензия бериш бошқармаси томонидан нафақат қоғозда, балки видеотасвирда ҳам [маълумот] олиниб, фото-видео лавҳалар сақлаб қўйилади», — дея таъкидлади СЭС вакили.

Маълумот учун, «GUANGZHOU MEDICAL of CHINA» МЧЖ мансабдор шахслари ва ходимларига нисбатан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 186−3-моддаси 2-қисми «б» банди («Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш») аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.