Ижтимоий тармоқларда «Гуанжоу» клиникаси беморларга маҳаллий дориларни қайта қадоқлаб, нархини бир неча ўн баробар қимматга сотаётгани ҳақида хабарлар тарқалди. Видеоларда ички ишлар ходимлари тиббиёт марказларида текширувлар ўтказаётгани акс этган.

Тошкент шаҳар ИИББ мазкур ҳолат юзасидан маълумот берди.

«GUANGZHOU MEDICAL of CHINA» МЧЖ мансабдор шахслари ва ходимларига нисбатан Жиноят кодексининг 186−3-моддаси 2-қисми «б» банди («Сифатсиз ёки қалбакилаштирилган дори воситаларини ёхуд тиббий буюмларни ўтказиш мақсадида ишлаб чиқариш, тайёрлаш, олиш, сақлаш, ташиш ёки ўтказиш, шунингдек дори воситаларини ёки тиббий буюмларни дорихоналардан ва уларнинг филиалларидан ташқарида реализация қилиш») аломатлари билан жиноят иши қўзғатилган.

Жиноят иши доирасида мазкур клиниканинг Тошкент шаҳридаги ва бошқа вилоятлардаги филиалларида текширув ўтказилган.

Ҳозирда Тошкент шаҳар ИИББ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Видеолардан бирида ўзини ички ишлар ходими деб таништирган шахс клиника раҳбарияти ва ишчилари маҳаллий дориларни қайта қадоқлаб, ўз нархидан қимматга сотганини таъкидлаган. «Шу нарса дорихонада 7−10 минг сўм сотилади (видеодан қайси дори ҳақида гап кетаётганини тушуниш иложсиз), ноинсофлар салафанга солиб, бизни ўзбек касалларга суви билан бирга 2 млн сўмдан сотаяпти», — деди у.

Клиниканинг хитойлик вакили ҳамма дори ҳам бундай эмаслиги, айримлари Хитойдан олиб келинганини айтган. Қолаверса, у дорилар бўйича жавобгар эмаслиги ва бунга раҳбарият жавоб бериши кераклигини қўшимча қилган.