Atlas савдо мажмуасидаги акцияга минглаб одам йиғилганлиги сабабли тирбандликлар ва тиқилинчлар юзага келди.

Чилонзор туманидаги Atlas савдо мажмуасида маиший техникалар учун 70% чегирма бўлаётганлиги ҳақида ижтимоий тармоқларда хабар эълон қилинган эди. Унда 23−24 апрель кунлари Техникалар «Ярмаркаси»да техника ва электроникаларга катта чегирмада техника ярмаркаси бўлиб ўтиши айтилган. Ярмарка Тошкент шаҳри Чилонзор тумани 2-даҳада бўлиши айтилган эди.

Эълондан сўнг шанба, 23 апрель куни минглаб фуқаролар Atlas савдо мажмуасида тўпланди. Бунинг натижасида Чилонзор туманида йирик тирбандликлар кузатилганлиги маълум бўлди, ташриф буюрганлар орасида тартибсизликлар учради.


Тошкент шаҳар ИИББ ушбу акция натижасида 18 мингга яқин фуқаролар савдо мажмуаси олдида тўпланганлигини маълум қилди.

Савдо мажмуаси бир вақтнинг ўзида бунчалик кўп фуқароларни қабул қилиш имконига эга эмаслиги сабабли ёпилганлиги айтилди. Шунингдек, ИИББ фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида ҳам бу иш қилинганлигини таъкидлади. Дўкон ёпилганлиги сабабли арзонлаштирилган нархда сотув бўлмаслиги айтилди.


«Ҳозирда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан савдо мажмуасидаги вазият назоратга олинди», — дейилади хабарда.

Шунингдек, кун иссиқлиги ва тиқилинч бўлганлиги сабабли бир нафар аёл хушидан кетган, шу ернинг ўзида у хушига келтирилиб, биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди ва уйига юборилди, дейилади пойтахт ИИББ маълумотида.