Олий Мажлиснинг Болалар ҳуқуқлари бўйича вакили Алия Юнусова Тошкент шаҳридаги 21-меҳрибонлик уйида аввалроқ ўқувчилар иштирокида акция ўтказилган вазиятни ўрганиш натижалари бўйича фикр билдирди. Видеода муассаса девори ташқарисида болалар, эҳтимол, ҳамширага «кетинг» деб бақиришган, бошқа ёзувда эса «бизни калтаклашяпти» деган гапни эшитиш мумкин.

Алия Юнусованинг ёзишича, у 21 апрель куни соат 14:00 атрофида болалар уйига ташриф буюриб, унинг раҳбарияти, ходимлари ва болалар билан суҳбатлашган. «Меҳрибонлик уйи маъмурияти „Энг яхши ҳимоя усули — бу ҳужум“ тамойилига амал қилган», — деб ёзади болалар омбудсмани ўзининг Facebook саҳифасида.

«Шубҳасиз, бу меҳрибонлик уйи раҳбарияти томонидан мавжуд ички салбий муаммолар, хусусан, болалар ҳуқуқ ва эркинликлари, манфаатлари бузилиши, болаларга нисбатан зўравонлик ҳолатларидан эътиборни чалғитиш мақсадида ташкил этилган режали тадбирдир», — дейди у.

Бўлиб ўтган воқеанинг асл сабаблари ва мотиви нима бўлганини ваколатли органлар ўрганиб чиқади, деди Болалар омбудсмани.

Шунингдек, Алия Юнусова 19 апрель куни 21-Меҳрибонлик уйи тарбияланувчиларидан бири руҳий касалликлар шифохонасига ётқизилгани ҳақида хабар олганини айтди. Бу маълумот 20 апрель куни руҳий касалликлар шифохонасига ташриф чоғида тасдиқланган. Тарбияланувчини ҳақиқатан ҳам тез ёрдам бригадаси олиб келган, лекин негадир Меҳрибонлик уйи вакили ҳамроҳлигида эмас.

Болалар ҳуқуқлари бўйича вакил тарбияланувчиларни тиббиёт муассасасига жойлаштиришнинг бир қанча ҳолатлари бўйича маълумотлар олганини айтди. Меҳрибонлик уйи раҳбарияти билан бўлиб ўтган суҳбатда болаларнинг қочиши ва унинг ортидан психиатрик шифохонага ётқизилиши, бу амалиётнинг болаларнинг психологик ҳолатига салбий таъсири, болаларни қўрқитиш, нодўстона муносабатда бўлиш ҳолатлари ҳақида сўз юритилган.

Омбудсман ноқонуний тарбия усулларидан фойдаланишга йўл қўймаслигини ва боланинг ҳуқуқларини бузганлик учун жавобгарлик мавжудлигини таъкидлади.

Аввалроқ Халқ таълими вазирлиги мазкур ҳолатга қуйидагича изоҳ берган эди: «Ўрганилганда муассаса тарбияланувчилари томонидан ходимлардан бирига нисбатан эътироз кайфияти шакллангани аниқланди. Айни дамда муҳит барқарор, Меҳрибонлик уйи тарбияланувчилари кун тартибига бўйича шуғулланмоқдалар, вазият назоратга олинган».