Президент «Нобанк кредит ташкилотлари ва микромолиялаштириш фаолияти тўғрисида»ги қонунни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар бермоқда.

Қонунга кўра, микромолия ташкилоти, ломбардлар, ипотекани қайта молиялаштириш ташкилоти нобанк кредит ташкилотлари ҳисобланади.

Микромолия ташкилотлари тадбиркорларга кредитлар (300 млн сўмгача), лизинг, кафолатлар бериши, факторинг хизматлари ва исломий молиялаштиришга оид хизматлар кўрсатиши мумкин.

Шунингдек, қонун билан нобанк ташкилотлар исломий молиялаштириш хизматларини кўрсатиши мумкинлиги белгиланди. Унга кўра, исломий молиялаштиришга оид хизматлар — исломий молиялаштиришни амалга ошириш стандартларини белгиловчи халқаро ташкилотларнинг қоидаларига мувофиқ Марказий банк томонидан ишлаб чиқилган молиявий хизматлар ҳисобланади.

Ломбардлар гаров эвазига қисқа муддатли (1 йилгача) микроқарзлар (50 млн сўмгача) беради.

Нобанк кредит ташкилотлари ишлаб чиқариш, суғурта, савдо фаолиятини амалга оширишга ва омонатларни (депозитларни) жалб этишга ҳақли эмас.

Микромолия ташкилотининг ёки ипотекани қайта молиялаштириш ташкилотининг фаолияти тегишли реестрларга киритиш воситасида ҳисоб рўйхатидан ўтказилганидан кейин амалга оширилади.

Ломбард фаолияти ломбард фаолиятини бошлаганлик тўғрисидаги хабарнома қабул қилингани Марказий банк томонидан тасдиқланганидан кейин амалга оширилади.

Нобанк кредит ташкилотлари фаолиятини давлат томонидан тартибга солиш ва назорат қилиш Марказий банк томонидан амалга оширилади.

Қонун 2022 йил 21 апрелдан расман кучга кирди.