19 апрель куни ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Шерзод Шерматов «Яндекс Такси»нинг МДҲ давлатлари бўйича бошқарув директори Кирил Свинцов билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Учрашувда бир нечта муҳим масалалар муҳокама қилинган. Жумладан, АКТ вазири томонидан «Яндекс Такси»ни IT Парк резидентига айлантириш бўйича таклифлар берилган.


«„Яндекс Такси“ бугунги кунда Ўзбекистон бозорига шиддат билан кириб келаётгани, аҳоли вакиллари учун қулайликлар тақдим этаётгани таъкидланди. Шу билан бирга, компания Ўзбекистонда ўз фаолиятини кенгайтириб, уни вилоятлар марказларида ҳам кенг жорий этаётгани қувонарли экани айтиб ўтилди», — дейилади хабарда.

Томонлар ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш ва қўшма лойиҳаларни амалга ошириш бўйича ишларни давом эттиришга тайёр эканликларини билдирган.

Аввалроқ, АКТ вазирлиги Microsoft компаниясига Ўзбекистонда офис очишни таклиф қилгани ҳақида ёзган эдик.

Маълумот учун, Ўзбекистондаги IT-компанияларга бир қатор солиқ ва божхона имтиёзлари тақдим этилади. Хусусан, IT-парк резидентлари ҳисобланган IT-компаниялар 2028 йилгача барча корпоратив солиқлардан озод қилинган. IT-компаниялар экспорт фаолиятини амалга оширишда Ўзбекистон фуқароси бўлмаган ходимлар билан хорижий валютада ҳисоб-китоб қилиш имкониятига ҳам эга.

IT-парк резидентлари қаерда жойлашган бўлишидан қатъи назар, бутун мамлакат бўйлаб ўз фаолиятини амалга ошириши мумкин. Шунингдек, ишлаш учун рухсатнома олиш тартиби ҳам бекор қилинган.