Бухоро вилоятида фуқароларга сохта авиачипта расмийлаштирган корхона раҳбари ва унинг шериги қўлга олинди, деб хабар қилди Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти матбуот хизмати.

Тергов маълумотларига кўра, муқаддам фирибгарлик учун икки марта судланган Н. М. фуқаро И. Г. билан келишув тузиб, январь-февраль ойларида 27 нафар фуқарога «Бухоро-Домодедово» рейси учун жами 52,7 млн сўмлик қалбаки чипталар сотган.

Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда тергов ҳаракатлари кетмоқда.