Шавкат Мирзиёев маҳаллаларда ҳоким ёрдамчиларнинг фаолиятидаги оқсоқликларни танқид қилди. Бу ҳақда президент раислигида ўтказилган маҳаллабай ишлаш тизими натижадорлигини ошириш ҳамда аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари юзасидан видеоселекторда айтиб ўтилди.

«Ҳали 40 фоиз маҳаллада ҳоким ёрдамчиларининг ишида натижа кўрингани йўқ… Шу билан бирга, жойлардаги айрим ҳоким ёрдамчилари „кредит, субсидия, ер олиб бераман“, деб таъмагирлик қилаётгани ҳам жуда ачинарли ҳолатдир», — деди давлат раҳбари.

Жумладан, Тўрақўрғон тумани «Шарқ» маҳалласидаги ҳоким ёрдамчиси имтиёзли кредитга тавсия бериш учун, «пора» олаётганда ушланиб, 5 йилга озодликдан маҳрум этилган.

Бу каби ҳолатлар Мирзо Улуғбек, Юнусобод, Бўка, Бахмал туманлари, Марғилон, Ширин шаҳарларида ҳам мавжуд экани айтилди.

«Барча вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари, уларнинг биринчи ўринбосарлари, республика вакиллари, Убайдуллаев ва унинг қуйи тизими раҳбарларини қатъий огоҳлантираман. Одамларни рози қилиш ва инсон қадрини тушунмаган раҳбарларга орамизда ўрин бўлмайди», — дея таъкидлади президент.

Эслатиб ўтамиз, апрель ойи ўрталарида Наманган вилояти Чуст тумани ҳокимининг чегара масалалари бўйича ёрдамчиси ва яна бир қанча шахслар фуқарога 5,3 гектар ерни ажратиб бериш эвазига 15 минг доллар талаб қилганликда гумонланаётгани ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, Зангиота туман ҳокими ёрдамчиси ҳам пора олаётганда ушланган. Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани ҳокимининг ёрдамчиси фуқародан 60 сотих ер майдонини олиб бериш эвазига 5,5 млн сўм сўрагани маълум қилинганди. У пулни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

Бунга қадар «Газета.uz» республика бўйлаб барча маҳаллаларда «ҳоким ёрдамчиси» лавозимига молия-иқтисодиёт сектори ходимлари мажбурлаб ўтказилаётгани айтилаётгани ҳақида ёзганди.

Қолаверса, январь ойида ўтказилан видеоселекторда президент ҳоким ёрдамчиларини ҳеч қайси ҳоким ёки раҳбар мажлисларга чақирмаслиги, турли ҳисоботлар билан «кўмиб ташламаслиги», ҳокимлар улар учун фақат шароит яратиб бериши кераклигини таъкидлаганди. «Ҳоким ёрдамчилари ҳар қандай бюрократиядан холи бўлиши лозим», — деб айтганди Шавкат Мирзиёев.