8 ноябрдан бошлаб Республиканинг барча маҳаллаларида (жами 9259 та) ҳоким ёрдамчилари лавозимлари жорий этилмоқда. Бунга эса президент топшириғида айтилганидек ёшлар орасидан эмас, балки ҳудудларда тажрибага эга молия-иқтисодиёт сектори ходимлари мажбуран тайинланмоқда. Бунга журналист Шуҳрат Шокиржонов эътибор қаратди.

Журналистнинг ёзишича, унинг Telegram каналига шу мавзуда кўплаб мурожаатлар келиб тушган. Уларда қайд этилишича, ҳоким ёрдамчилари лавозимларига маҳалланинг катта-кичиклигига қараб 4,5−5,5 млн сўм маош таклиф қилинмоқда.

Молия, банк, солиқ тизимидаги ходимлар ушбу лавозимга ўтишни рад этишганида «президентга хиёнат қиляпсан», деган важ билан қўрқитилаётгани, уларнинг раҳбарларига босим ўтказилиб, ушлаб туришгани айтилмоқда. Шунингдек, агар ходим суҳбатга келмаса, ички ишлар ҳамда прокуратура органлари ходимлари жалб қилиниб, мажбурлаб келтирилаётгани ҳам қайд этилган.

Қолаверса, мурожаатларда ходимларга ўз хоҳишига кўра ишини ўзгартирмаса, ҳозирдаги лавозимидан бўшатилиши ва умуман келгусида бошқа иш жойида ишлашига ҳам тўсқинлик қилиниши каби қўрқитишлар бўлаётгани маълум қилинган.

Барчаси нимадан бошланган эди?

21 сентябрь куни Шавкат Мирзиёев сайловолди ташвиқоти даврида қорақалпоғистонлик сайловчилар билан учрашувда маҳаллаларда «ҳоким ёрдамчиси» лавозими жорий этиш таклифини билдирган эди.

Жумладан, Қорақалпоғистоннинг 422 та маҳалласида «ҳоким ёрдамчиси» лавозими жорий қилиниши айтилди, деб хабар берганди блогер Азиза Қурбонова.

Давлат раҳбарининг сайловолди дастуридаги таклифига кўра, ёрдамчилар маҳаллада тадбиркорларнинг лойиҳаларига ёрдам беради, касб-ҳунарга ўқитиш, томорқа, бўш ер ва бинолардан унумли фойдаланишни ташкил этади. Бу орқали янги иш ўринлари яратиш, жон бошига даромадни ошириш ва камбағалликни қисқартиришга масъул бўлади.

«Ҳоким ёрдамчилари қўлида ўзининг бюджети бўлади, маҳаллага бириктирилган солиқ, банк, йўл ва бошқа идоралар ходимлари билан бирга ишлайди. Ҳоким ёрдамчилари солиқ, банк, иқтисодиёт, инвестиция, молия идоралари, ҳокимиятда ишлайдиган билимли ва фидойи ёшлар орасидан танланади», — дея таъкидлаганди президент.

Улар янги тизим бўйича ишлашга ўқитилиши ва ишининг натижасига қараб яхши ойлик тўланиши, 2−3 йил маҳаллада ишлаб, яхши натижа кўрсатган ҳоким ёрдамчиларини, келгусида ҳоким ва вазир лавозимларига қўйилиши қайд этилганди.

19 октябрда эса тошкентлик сайловчилар билан учрашувда Шавкат Мирзиёев пойтахтдаги 575 та маҳалланинг ҳар бирига 10 млрд сўмдан (жами қарийб 600 млн доллар) ажратилишини, «ушбу маблағдан самарали фойдаланишга янги иш бошлайдиган ҳоким ёрдамчилари масъул бўлишини» таъкидлаганди.

Бундан ташқари, сайловолди ташвиқоти даврида президент бошқа вилоятларда ҳам, хусусан, Наманган, Сирдарё, Бухоро, Тошкент ва бошқа вилоятларда ҳам мазкур лавозим янги тизим асосида ташкил этилишини айтганди.

Топшириқ ижроси

Kun.uz ёзишича, президент ташаббуси билан ёшларни ушбу лавозимга тайинлаш назарда тутилган бўлсада, ҳозирда молиячи ва солиқчилар ҳокимга ёрдамчиликка мажбуран ўтказилмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг Макроиқтисодий таҳлил, таркибий ўзгартиришлар молия-банк тизими, давлат активларини бошқариш, рақобатни ривожлантириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари котибиятидан эса ишчи гуруҳ аъзолари тасдиқлаб берилган.

Фото: Kun.uz.

Котибият мудири 5 ноябрь куни имзолаган хатда 8−12 ноябрь кунлари ҳоким ёрдамчиси лавозимига номзодларни суҳбатдан ўтказиш ва натижаси бўйича ахборот киритиш сўралган.

Эътиборлиси ҳоким ёрдамчилари бўйича номзодларни суҳбатдан ўтказиш учун ҳудудларга бириктирилганлар рўйхатида Иқтисодий тараққиёт вазирлиги, молия вазирлиги, Меҳнат вазирлиги, Давлат солиқ қўмитаси ва Марказий банкдан масъуллар белгиланган.

Фото: Kun.uz.

Қолаверса, «ҳоким ёрдамчиси» томонидан амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар ва номзодларга қўйиладиган талаблар ҳам эълон қилинган.

Аноним мурожаатлар

Журналист Шуҳрат Шокиржонов ўзининг Telegram каналига келиб тушган мурожаатларни ҳам эълон қилди. Мурожаатчиларнинг аксарияти келгусидаги фаолиятига дахл қилинишининг олдини олиш мақсадида шахси сир тутилишини сўраган.


Банкирнинг турмуш ўртоғи, оиласи сифатида мажбурий бўлаётган бу ҳолатга қаршиман. Бизнинг иш, ўқиш, фарзандларимиз мактаб-боғчаси нима бўлади?! Ҳаммасини ташлаб, туманнинг чекка ҳудудларига кетишни қишнинг совуқ кунида умуман хоҳламаймиз! Қаерга, кимга мурожаат қилиб норозилигимизни билдиришим мумкин?


Ҳоким ёрдамчиси лавозими бўйича мени ҳам мажбурлашмоқда. Нафақат мени, кўпчиликни. Ўзим … таркибий бўлинмасидан бўлган корхонада бухгалтер бўлиб ишлайман. 1 йилдан кўпроқ бўлди, аввал банк соҳасида ишлар эдим. Банкдан шу ҳамма биладиган сабабларга кўра бўшаганман. Энди тинч жойга ишлаб бошладим десам, эрталаб ҳокимиятдан қўнғироқ қилишди. Тушлик вақти сал каттароғи қилди, кечга бориб бошлиғимизга чиқибди, ўзини жўнат бўлмаса ўзинг ишлайсан деб. Ҳеч нарсадан хабарсиз бордим, мени президент администрациясидан келган ходим олдига суҳбатга киритворишди. Йўқ, бу ерда ишламайман деб рад қилдим. Соат 22:00ларда бошқарма бошлиғи ўринбосарига шу ходимни ўтказасан деб, қўнғироқ қилибди. Келмаганларнинг уйига ИИБ ходимлари жўнатиб, олдиришибди.


Оғриқли масалани кўтарибсиз. Мен Қаршиданман, банк минтақавий филиалида ишлайман. Бизни ҳам кеча вилоят ҳокими суҳбатга чақирди, ҳоким ёрдамчилигига. Суҳбатда мени Қарши шаҳрига қўйинг, десам, шаҳарда жой қолмаган, деб Қаршидан 100 км узоқликдаги борса-келмас жой — Миришкор туманига борасан, деди. Менинг бу ерда оилам, бола-чақам бор. 4−5 млн сўм ойликка қандай яшайман? У туман Туркманистон билан чегарада жойлашган, маҳалла идораси ҳам бўлмаса керак. 2019 йил банк академиясини битирганман. У ерга ўтсам, шу билан менинг келажагим ўлади.


Нафақат биз банкирларни, балки солиқ, молия ва бошқа иқтисодий комплекс ходимларини қийнаб келаётган масалани кўтарганингиз учун сизга раҳмат. Туман ҳокимлари уларни мажбурий тартибда ҳоким ёрдамчиси лавозимига ўтказиш ишларини олиб боришмоқда. Ушбу лавозимга ўтишга норози бўлган ходимлардан мажбурий тартибда аризаларини олиш бошланган. Барча ҳудудлар қатори Хоразм вилояти Гурлан туманида ҳам шундай.


Ҳоким ёрдамчиси лавозимига мажбуран иқтисодчилар ўтказилаётгани айни ҳақиқат. 70−80 фоиз мутахассисларнинг хоҳиши йўқ, улар мажбуран сургун қилинмоқда. Асосан банк бошқарувчилари, ўринбосарлари ва бўлим бошлиқларини олишмоқда.


4 йил институтда ўқидим, 8 йил банк тизимида ишладим. Энди эса «керак бўлса столбадан айб топишади» деган гап билан бошланган йиғилишда қатнашдим. Бугун йўқ деб айтдим, улар эса ишдан бўшашимни айтишди. Афсус, бу нарсалар тугамайди, шекилли.


Шовот туманида ҳам, нафақат туманда, вилоят бўйича янги маҳаллабай ишлаш бўйича ташкил қилинган ҳоким ёрдамчиси лавозимига мажбурлаб ишга ўтказмоқчи бўлишмоқда. Республикадан ишчи комиссия келиб, мажбурлаб номзоди қўйилган иқтисодий комплекс ходимлари билан бирма-бир суҳбатлашди. Ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаш истагим йўқ, деганларни эса юқори турувчи органига айтиб, ишдан олдириш билан таҳдид қилишди. Хуллас, барчани қўрқитиб, уларни эски иш жойидан бўшаб, янги ишга ўтишга мажбурлашмоқда.


Мен Хоразм вилоятиданман. Бизда ҳам шу аҳвол: бунинг бирор чораси борми? Ҳоким ёрдамчиси қилишмоқчи. Йўқ десак «давлатга, президентга хиёнат қиляпсан», деб қўрқитишяпти. Ишлаб турган ишингдан ҳам кетасан ва ҳеч қаерда ишлай олмайсан, деб мажбурлашяпти.


Хонқа туманида ҳоким ёрдамчиси ишига ходим хоҳишини инобатга олмасдан, ишга чақиришяпти. Инсонда касб танлаш эркинлиги борми ўзи?!


Шуҳрат ака, бу лавозимга ўтмасликнинг қандай йўли бор? Эзиб юборишди-ку?! Рози бўлмасанг — халқ душманига чиқаришяпти. Нима қиларини билмай қолди одам. Ўзим ишлаб ўтирган жойимда ҳам халққа хизмат қиляпман-ку?! Қанақасига президент сиёсатига қарши борган бўламан?


Ғаллаоролда битта банкдан 6 кишини олишяпти. Кеча 8 соат йиғилиш бўлди. Жонга тегди. Нима қилиш керак? Ёзиб чиқара оласизларми?


Бизда ҳам шунақа аҳвол. Ҳоким ёрдамчиси бўлиш муаммоси. Банкда ишлаб турган ўринбосарлар, бўлим бошлиқлари ходимлари 3 кундан буён ҳокимиятда. Ўтмайман деса бошлиқларига босим ўтказиб, ушлаб ўтиришибди. Шу масалани кўпроқ ёритинг, зора мутасаддилар президентимиз топшириқларини пастда нотўғри талқин қилишларини камайтиришга озроқ бўлса-да ҳиссамиз қўшилсин.


Биздан ҳам 3−4 ходимни мажбуран ҳоким ёрдамчиси қилиб олишяпти. Аввалги иш жойимдан ҳокимиятнинг топшириғи жонга текканидан кетгандим. Энди яхши ишга кирган эдим. Яна бошлади ҳокимият. Бу ишхонадан ҳам мажбуран ариза ёзиб, ишдан олдиртириб, ҳокимиятга топширтиришяпти. Бошлиқ ҳам нима қилар эди?! Ҳокимнинг топшириғига қарши чиқармиди? Бухородан ёзяпман. Ўзим бошқа туманда яшайман. Бошқа туман ҳокими ёрдамчилигига ўтказишяпти.


Ҳозир кўпчилик ҳоким ёрдамчиси бўлишга унамаяпти экан. Шуларнинг ўрнига бизга ўхшаган вақтинча ишсизларни олса бўлмайдими?!


Агар шунақа мажбурлайверса, банкдан яна яхши кадрлар ўзини бошқа соҳага уради. Яхши кадрлар яна банкларни тарк этади. Ҳар бир вилоятда бошланган бу ҳолат. Ҳамма вилоятда суҳбат бўляпти. Объективкалар олиняпти. Энди прокуратура аралашяпти, ходим берасан деб. Фақат иқтисодчи бўлиши керак экан.