Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани ҳокимининг ёрдамчиси Б.Х. фуқародан 5,5 миллион сўм миқдорида пора олаётган вақтда ушланди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилди.

Хабарда қайд этилишича, фуқаро А.М. тумандаги «Янгиобод» маҳалласи ҳудудида стадион ва спорт мажмуаси қуриш учун ҳокимлик орқали ер майдони олмоқчи бўлган. Б.Х. эса унга «Е-аукцион» орқали туман ҳокимлиги захирасида бўлган 60 сотих ер майдонини танишлари орқали олиб беришда ёрдамлашиши мумкинлигини айтиб, бунинг эвазига 5,5 млн сўм сўраган. У талаб қилинган пулларни олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ илк ҳоким ёрдамчиси туман ҳокими лавозимига тайинлангани хабар қилинган эди. Қорақалпоғистоннинг Мўйноқ туманига «Мадели» овул фуқаролар йиғинидаги ҳоким ёрдамчиси лавозимида фаолият юритган Бахтияр Менглибеков ҳоким бўлди.