23 сентябрь куни Транспорт вазирлигида «Air Marakanda» МЧЖ ва «Uzbekistan Airports» АЖ ўртасида давлат-хусусий шериклик битими имзоланди.

Битим «Самарқанд» халқаро аэропортини давлат-хусусий шериклик асосида модернизация қилиш ва бошқариш лойиҳаси доирасида тузилди. Ушбу битимдан мақсад, «Самарқанд» халқаро аэропортида йўловчиларга ва авиаташувчиларга юқори даражада хизмат кўрсатилишини таъминлаш ва аэропорт бошқарувига халқаро компанияларни жалб қилишдан иборат.


Самарқанд аэропортининг реконструкция қилиниши ҳақида

Апрель ойида «Газета.uz» Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилоятига ташрифи чоғида халқаро аэропорт реконструкцияси лойиҳаси тақдимоти ўтказилгани ҳақида ёзган эди. Самарқанд халқаро аэропорти реконструкциядан сўнг 1,5 млн йўловчига хизмат кўрсатиши айтилганди.

Фото: Туризм ва спорт вазирлиги

Тақдимотга кўра, аэропорт йўловчилар 3 қаватли терминалининг умумий майдони 42 минг метр квадрат бўлиши режалаштирилган. Шунингдек, терминалда 29 та рўйхатдан ўтиш ойналари (20 та халқаро, 9 та маҳаллий), шунингдек яна 5 та мустақил рўйхатдан ўтиш киосклари бўлиши кўзда тутилган.

Лойиҳа қиймати 238,2 млрд сўм бўлиб, ҳозирда ажратилган маблағ 200 млрд сўмни ташкил этган. Маълумотларга кўра, аэропорт лойиҳачиси «Аэро-йўл лойиҳа» МЧЖ, пудратчиси эса «Самарқанд йўллардан мунтазам фойдаланиш» ДУК ҳисобланади.


Air Marakanda компанияси ҳақида

Air Marakanda компанияси 2020 йил 9 апрелда рўйхатдан ўтган. Унинг асосий фаолият соҳаси ҳаво транспорти орқали хизмат кўрсатишдан иборат. Компания директори — Ғайрат Илҳомович Неъматов, асосчиси эса Кипрнинг Drupola Holdings Limited офшор компанияси ҳисобланади.

Ушбу компаниянинг кимга тегишлилиги ҳақида маълумотлар йўқ. Аммо, унинг манзили (Αγίου Αθανασίου, 46, INTERLINK HERMES PLAZA, Floor 4, Flat 400Α) Ferkensco Management Limited ва Eriell Holding Company Limited компаниялари билан бир хил юридик манзилда жойлашган.

Eriell Group нефт-сервис компанияси бошқаруви раиси, самарқандлик тадбиркор Бахтиёр Фозилов 2020 йил май ойида «bne IntelliNews»га берган интервьюсида, унинг бошқарувидаги компания ҳамда Enter Engineering (EPC'нинг Ўзбекистондаги энг катта пудратчиларидан бири) Ferkensco компаниясига ҳам эгалик қилишини айтган.

Аввалроқ компания Самарқанд халқаро аэропорти инфратузилмасини ривожлантиришга 80 млн доллар инвестиция киритиши ҳақида хабар қилинганди. Ўзбекистон ҳукумати томонидан Самарқанд халқаро аэропорти ва аэродром комплексининг (аэронавигациядан ташқари) модернизацияси ҳамда бошқаруви ҳуқуқи ДХШ асосида 20 йилга «Air Marakanda» компаниясига топширилиши маълум қилинди. Шунингдек, ҳукумат компанияга ДХШ шартномасини тендерсиз тузишга рухсат берган.

«Air Marakanda» компанияси, Германиянинг «Мюнхен» халқаро аэропорти, Туркиянинг «Истанбул» халқаро аэропорти мутахассислари билан ҳамкорликда Самарқанд халқаро аэропортини йирик транспорт ва сайёҳлик марказига айлантиришни режалаштирмоқда.