Жума куни Самарқанднинг янги аэропорти Uzbekistan Airways компаниясининг биринчи рейсини қабул қилди, дея хабар берди «Газета.uz» мухбири.


Терминалнинг биноси буюк олим Мирзо Улуғбекнинг «Зижи жадиди Кўрагоний» бош асари тимсолига айланган очиқ китоб шаклида барпо этилган. Бинонинг кенглиги 175 м, баландлиги 25 м.

Қурилиш ишлари пудратчи Enter Engineering компанияси томонидан Туркиянинг Kiklop лойиҳа-муҳандислик компаниясида яратилган меъморий ечим асосида бажарилди. Аэропорт бошқаруви Air Marakanda хорижий корхонасига топширилган.


«Бундай замонавий комплекснинг очилиши бизнинг авиакомпаниямиз учун ажойиб имкониятдир. Биринчидан, йўналиш парвозларини сонини, мамлакатимизга сайёҳлар оқимини кўпайтириш, шунингдек, транзит йўловчилар оқимини оширишга хизмат қилади. Самарқанд халқаро аэропорти каби хаб юртимизга келаётган йўловчиларга сифатли, қулай ва тезроқ хизмат кўрсатиш имкони яратади», — деди транспорт вазири Илҳом Маҳкамов.


Самарқанд вилояти ҳокими Эркинжон Турдимов.

Аэропорт соатига 800 кишига хизмат кўрсатиши айтилмоқда. Lufthansa Consulting халқаро консалтинг ташкилоти томонидан ўтказилган мустақил таҳлиллар ушбу аэропорт орқали йўловчи оқимининг йилига 480 минг кишидан 2 млн кишига ортишини кўрсатмоқда


Рўйхатдан ўтганликни назорат қилишнинг автоматлаштирилгин тизими ўрнатилган E-gate турникетлари.

Янги терминал доимий рейслар сонини ҳафтасига 40 тадан 120 тагача ошириш имконини беради. Унда 29 та рўйхатга олиш пештахтаси, 8 та миниш учун чиқиш йўлаги, 4 та телескопик трап, 10 та паспорт назорати кабинаси ва учиб кетаётган йўловчилар учун 6 та Е-gate, шунингдек, учиб келган йўловчилар учун 15 паспорт назорати кабинаси мавжуд.


«Uzbekistan Airports томонидан қурилган янги аэродром мажмуаси декабрь ойидаёқ эксплуатацияга топширилган эди», — дея таъкидлади Uzbekistan Airports бошқарув раиси Рано Жўраева. — Узунлиги 3105 метр ва кенглиги 60 метр бўлган янги учиш-қўниш йўлаги, янги йўлаклар ва 24 авиатураргоҳга перронлар қурилди, ИКАОнинг иккинчи категориясига мос келувчи энергия тежамкор чироқ сигналли қурилма ва қўниш тизими ўрнатилди".

2030 йилга бориб йўналишлар сонини 30 тага етказишга қаратилган. Масалан, 2019 йилда Самарқанд аэропортидан 5 та йўналиш бўйича авиақатновлар амалга оширилар эди. Бу йил эса Москва, Истанбул ва Тошкент шаҳарларига ҳафтасига уч маротаба, Олмаота ва Санкт-Петербургга ҳафтасига икки маротабадан рейслар амалга оширилади.


2023 йилда йўналиш тармоғини ривожлантириш ҳамда янги Шаржа ва Красноярск маршрутларни очиш режалаштирилган. 2023−2024 йилларда талабга қараб, бошқа янги йўналишларни, айниқса Сочи ва Новосибирск очиш имконияти кўриб чиқилади.

Ўзбекистоннинг кўплаб аэропортларидан фарқли равишда, Самарқанд аэропорти терминалига тўсиқларсиз автомобилда етиб келиш мумкин. Камералар ҳар бир автомобилни кузатади. Шунингдек, бошқа шаҳарларда бўлгани каби терминал биноси тўсиқлар билан ўраб олинмаган.

«Газета.uz» мухбирининг аэропортга транспорт қўйилганлиги ва ноқонуний такси ҳайдовчилари билан кураш ҳақидаги саволига жавобан Uzbekistan Airports раҳбари Рано Жўраева авваллари терминал олдидаги ҳудуд шаҳар ҳокимлигига тегишли бўлганлигини таъкидлади.


Uzbekistan Airports раҳбари Рано Жўравеа.

«Ҳозирда ҳокимлик ушбу ҳудудни бизга топширмоқда, унда «развязка» қилинади ва биз ноқонуний такси ҳайдовчиларини жисмонан чеклаймиз. Расмий такси хизмати йўлга қўйилади. Йўловчилар барча маълумотларни бизнинг сайтимизда билиб олишлари мумкин бўлади… Биз ҳозир эквайринг тизимини жорий қиляпмиз (кассада ёки курьерга товарлар ва хизматлар учун тўловни нақдсиз равишда амалга ошириш — таҳр.), у орқали хизматлар учун тўлов қилса бўлади, шу билан бирга, таксига ҳам. «

Фото