29 март куни ижтимоий тармоқларда Қорақалпоғистон Республикаси Хўжайли туманида номаълум аёл фарзандларига жисмоний ва руҳий тазйиқ ўтказаётгани акс этган видео тарқалди.

Қорақалпоғистон ИИВ Ахборот хизмати маълум қилишича, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 110-моддаси 2-қисми «а,в» бандлари (қийнаш вояга етмаган шахсга ва ожиз аҳволдалиги айбдорга аён бўлган шахсга нисбатан содир этилган) билан жиноят иши қўзғатилди. Гумонланувчи Х.Ф.га нисбатан процессуал чеклов чора белгилаш масаласи кўрилмоқда.

Мазкур масала юзасидан Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова ҳам ўзининг муносабатини билдирди.

«Болаларга нисбатан зўравонликни тўхтатинг! Ҳар бир бола зўравонликдан ҳимояланиш ҳуқуқига эга… Биз жамият сифатида бу ҳақиқатни қабул қилмаслигимиз керак. Биз ота-оналарнинг фарзанд тарбияси учун масъулиятини кучайтиришимиз, болаларни шафқатсиз муомала ва зўравонликдан асраш учун барча имкониятларни ишга солишимиз лозим», — деди у.

Унинг таъкидлашича, вакил нафақат кузатади, балки дарҳол ваколатли органга мурожаат қилиб, қандай чоралар кўрилаётганини назоратга ҳам олади.

«Эълон қилинган видеони кўришим биланоқ, бу видеони республикамизда ташкил этилган Болаларни ҳимоя қилиш масалалари шўъбасининг Telegram каналига юбордим. Чунки ушбу орган у болаларни ҳимоя қилиш, ота-оналарини жавобгарликка тортиш, шу жумладан уларнинг келажакдаги тақдири билан боғлиқ барча масалалар билан бевосита шуғулланади», — деди Алия Юнусова.

Ҳозирда онага нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ҳақида маълумот берилди. Лекин шу билан бирга, ҳеч нарса ота-оналар томонидан болаларга нисбатан зўравонликни оқлай олмайди, деган фикрда вакил.

«Ота-оналарнинг турмуш шароитининг оғирлиги, қашшоқ ва камбағаллиги, уларнинг спиртли ичимликларни истеъмол қилиши ва ўз фарзандларини ташлаб кетиши ҳамда миграцияси болаларнинг қаровсизлиги, таҳқирланиши ёки эксплуатацияси хавфини оширади. Болалар зўравонлик ҳолатлари ҳақида гапирмайдилар ва шунинг учун камдан-кам ҳолларда керакли ёрдамни олишади», — деди Бола омбудсмани.

Шу ўринда Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, шунингдек фуқаролар болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисидаги маълумотлар хусусиятидан келиб чиқиб масъул органларни (прокуратура, ички ишлар, соғлиқни сақлаш, таълимни бошқариш, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Болалар масалалари бўйича миллий комиссия, Болаларни ҳимоя қилиш масалалари шўъбаси ва бошқа шу каби) зудлик билан хабардор қилишлари лозим.

Қайд этилишича, болаларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисидаги маълумотлар ижтимоий тармоқларда жойлаштирилиши ва тарқатилиши ҳамда ОАВларда эълон қилинишидан олдин масъул органларга хабар берилиши мақсадга мувофиқ бўларди.

Чунки болалар мавзусининг ОАВларда ёритишнинг ўзига хос этикаси ва қонун-қоидалари, талаблари бор. Жабрланган болаларни таниш мумкин бўлган маълумотлар берилмаслиги керак, дейилади муносабатда.