Tesla 2023 йилда Optimus робот моделини ишлаб чиқариши мумкин, дея компания асосчиси Илон Маскга таяниб, CNBC нашри хабар берди.

Бу ҳақда тадбиркор 7 апрель куни Техаснинг Остин шаҳрида Tesla`нинг янги заводи очилиш маросимида маълум қилган. У ерда оммага роботнинг макети тақдим этилди.

«Биз Optimus`нинг биринчи версиясини ишлаб чиқариш жараёнини келаси йилда бошлашимиз эҳтимоли бор» — деди Маск.

Миллиардер янги робот дунёни тубдан ўзгартиришига — «ҳатто Tesla автомобилларидан ҳам кўпроқ» — «тўкин-сочинлик даври»га олиб келишига ишончи комил. Унга кўра, Optimus одамлар қилишни истамаган ҳар қандай ишни бажаришга қодир бўлади.

Робот одамлар учун хавфсиз бўлади, дейди Маск. Tesla хавф туғилганда, қочиш ёки уни енгиш осон бўлишини инобатга олиб Optimus`ни ишлаб чиқади.

Бироқ компания роботнинг ишлайдиган прототипини ҳали кўрсатгани йўқ. Tesla`нинг режалари жуда катта, бир неча йиллик иш давомида у ҳали, масалан, автомобиллар учун ишлайдиган автопилотни яратмади, дейди кўплаб кузатувчилар.

«Оммага тақдим этилмаган робот бир-икки йил ичида ҳар қандай муаммони ҳал қила олади, дейиш бемаънилик», — дейди сунъий интеллект бўйича тадқиқотчи Гари Маркус.

Илк бор Илон Маск роботнинг рендерини 2021 йил августида кўрсатди. Баландлиги 173 см, массаси 57 кг бўлган антропоморф робот компания электромобилларида қўлланиладиган датчиклар ва камералар тўплами билан жиҳозланади.

Вақт ўтиши билан у электромобиллар қўллайдиган дастурлар асосида автопилот функцияларини олади. 40 га яқин ҳаракатлантирувчи механизмлар билан Optimus тахминан 8 км/соат тезликда юради ва оғирлиги 20 кг гача бўлган нарсаларни кўтара олади.

Маск робот заводларда ишчи кучи етишмаслиги муаммоларини ҳал қилишга ёрдам беради, деб ваъда берган эди. Унга кўра, Tesla`нинг ўзи роботларнинг биринчи фойдаланувчисига айланади.