БМТнинг Нью-Йоркдаги штаб-квартирасида 7 апрель куни бўлиб ўтган 11-фавқулодда махсус сессиясида БМТ Бош Ассамблеяси Россиянинг БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашидаги аъзолигини тўхтатиб туриш учун овоз берди, деб хабар қилди ташкилот матбуот хизмати.

Украина ва БМТга аъзо 50 дан ортиқ давлатлар таклиф этган резолюцияни 93 давлат қўллаб-қувватлади. 24 делегация қарши чиқди, 58 таси эса бетараф қолди. Қарши овоз берганлар орасида Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон, Қозоғистон, Россия, Беларус ва бошқалар бор.

2006 йилда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашини (UNHRC) таъсис этган БМТ резолюциясига кўра, ҳозир бўлган ва овоз беришда қатнашган аъзоларнинг учдан икки қисми «инсон ҳуқуқларини қўпол ва мунтазам равишда бузаётган» давлатнинг кенгаш аъзолигини тўхтатиб қўйиши мумкин.

Овоз беришдан олдин сўзга чиққан Украинанинг БМТдаги доимий вакили Сергей Кислица «инсон ҳуқуқларини қўпол равишда бузадиган давлатнинг UNHRC аъзолигини тўхтатиб туриш танлов эмас, балки мажбурият» эканини айтди.

У бундан роппа-роса 30 йил аввал Руандада содир бўлган тутси геноцидини эслатиб, халқаро ҳамжамиятни ўтмишдаги хатоларни такрорламасликка чақирди. «Бугун кўз ўнгимизда фожиа рўй бермоқда», деди украиналик дипломат ва Бош Ассамблеядаги ҳамкасбларини четда турмасликка ҳамда Россиянинг БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашидаги аъзолигини тўхтатиб туриш таклифини қўллаб-қувватлашга чақирди.

Россиянинг БМТдаги доимий вакили ўринбосари Геннадий Кузминнинг айтишича, кўриб чиқилаётган резолюция лойиҳаси, аслида, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги вазиятга ҳеч қандай алоқаси йўқ.

«Бугун биз кичик бир гуруҳ давлатлар саъй-ҳаракатлари билан инсон ҳуқуқлари архитектураси қандай катта ёриқлар берганини кўриб турибмиз», деди у ва «Россиянинг устувор йўналиши ҳар доим конструктив мулоқотни мустаҳкамлаш, барча манфаатдор томонларни инсон ҳуқуқларини рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш соҳасида жамоавий ривожланиш ва қарорлар қабул қилиш жараёнида ҳамкорлик қилишга жалб қилиш бўлиб келган», дея маълум қилди сўнгра.

БМТнинг Инсон Ҳуқуқлари Кенгаши 47 та аъзо давлатдан иборат бўлиб, уларнинг ҳар бири Бош Ассамблея аъзоларининг кўпчилик овози билан тўғридан-тўғри яширин овоз бериш йўли билан адолатли географик тақсимот тамойили асосида сайланади.

Ўзбекистон 2020 йил октябрь ойида БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича комиссиясига илк бор уч йиллик муддатга (2021−2023) сайланган эди.