2021 йилда 735,4 минг хорижлик Россия фуқаролигини қўлга киритди. Ушбу кўрсаткич камида 2000 йилдан буён рекорд натижа ҳисобланади, дея хабар берди FinExpertiza аудит ва консалтинг тармоғи таҳлилий хизмати Россия Ички ишлар вазирлигининг миграция масаласидаги статистик маълумотларини ўрганиб чиққан ҳолда.

Қайд этилишича, «янги россияликлар»нинг ярмидан кўпи Украина (51,1% ёки 376 минг киши) фуқаролари ҳисобланади. Кейинги ўринларни Тожикистон (14,1% ёки 103,7 минг киши) ва Қозоғистон (6,8% ёки 49,9 минг киши) фуқаролари эгаллади.

2021 йилда Россия паспортини олган ўзбекистонлик муҳожирлар РФ фуқаролигини қўлга киритганлар умумий сонининг 4,3 фоизи ёки 31,9 минг кишини ташкил этди. Бу 2020 йилга нисбатан 8,8 минг кишига кўпдир.


Янги фуқароларнинг асосий улуши ўз паспортларини Ростов вилоятида (42,3%, ёки 310,8 минг киши), Москва шаҳри ва вилояти (12%, ёки 88 минг киши), шунингдек Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилоятида (3,9%, ёки 28,5 минг киши) олган. Ушбу бешта ҳудудда 2021 йилда берилган паспортлар мамлакатда хорижликларга берилган паспортларнинг тахминан 60 фоизини ташкил этди.

Қайд этилишича, 2020 йилда Россия фуқароси бўлишни истовчилар сони 32 фоизга ёки 656,3 минг кишига кўпайган ва 2005 йилги натижа, 500 мингдан ортиқ киши Россия паспортларини олгандаги рекордни янгилаган.

FinExpertiza’нинг 2020 йилги хисоботига кўра, охирги йилларда Россия паспортларини олувчилар орасида Украина аҳолиси улуши кескин ошган — бу ДХР ва ЛХР дан Россияга келган муҳожирлар учун Россия фуқаролигини олиш тартиби соддалаштирилганидан кейин содир бўлган. Айнан Донбасс аҳолиси «янги россияликлар»нинг асосий ўсишини ташкил этишади. 2020 йилда Россия фуқаролигини олганларнинг 62,4 фоизи (409,5 минг киши) Украина фуқароси бўлган.

Кейинги ўринларни Тожикистон (9.7%, ёки 63,4 минг киши), Қозоғистон (6,6%, ёки 43,4 минг киши), Арманистон (4,7%, ёки 30,5 минг киши), Ўзбекистон (3,5%, ёки 23,1 минг киши), Озарбайжон (3,3%, ёки 21,9 минг киши), Молдова (3,1%, ёки 20,6 минг киши), Қирғизистон (1,8%, ёки 11,9 минг киши) ва Беларусь (1,6%, ёки 10,4 минг киши) фуқаролари ташкил этади.

Иқтисодчи Отабек Бакиров ўз Telegram-каналида ушбу вазиятга изоҳ бериб XXI асрда энг катта бойлик одамлар эканлигини қайд этган.

«(Россияда) Аҳолининг табиий қисқариши 1,04 миллион нафарни ташкил этган. Демак, ҳатто рекорд даражада фуқаролик берилгани билан демография бўйича катастрофик аҳволни ўнглаш имконсиз қолмоқда. 21 — асрда энг катта бойлик, бу нефть ҳам, олтин ҳам, газ ҳам эмас, одамлар — энг катта бойлик. Чунки бойлик, иқтисодиётнинг мавжудлиги ҳам одамлар билан, одамлар бойликнинг ҳосиласи ҳам, ибтидоси ҳам» — деб ёзган Бакиров