Шавкат Мирзиёев 6 апрель куни Янги Ўзбекистон йўли бўйлаб қуриладиган бинолар лойиҳалари билан танишди, деб хабар бермоқда президент матбуот хизмати.

Кўча бўйида 610 гектар майдонда уй-жойлар, меҳмонхоналар, кинотеатр, ресторанлардан иборат замонавий мажмуалар қуриш режалаштирилган.

Лойиҳага асосан, бинолар тўрт қаватли, тўрт хил дизайнда бўлади. Биринчи қаватда савдо ва хизмат кўрсатиш муассасалари фаолият юритади. Юқори қаватларда хонадонлар ёки меҳмонхоналар бўлади. Кўча бўйида пиёда ва велосипед йўлаклари, ерости ва ерусти йўллари барпо этилади.


Давлат раҳбари лойиҳани маъқуллаб, уйларни энергиятежамкор қилиб қуриш, иссиқ ва совуқда мўътадил бўлишини таъминлаш бўйича тавсиялар берди. Иш ўринларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги таъкидланди.

«Энг муҳими — халқимизга муносиб яшаш шароити ва иш ўринлари яратиш», — деди президент.

Ҳисоб-китобларга кўра, биноларда 1,7 млн квадрат метр савдо ва хизмат кўрсатиш майдони бўлади. Бунинг негизида 14 мингдан ортиқ иш ўрни ташкил этилади.


Шунингдек, ушбу кўчада жойлашган «Тошкент-Шарқий» аэропорти инфратузилмасини ривожлантириш, йўловчилар учун замонавий шароитлар яратиш чоралари ҳам белгиланди.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутахассиси Шукрулло Жаҳонгиров Ўзбекистон24 телеканалига берган интервьюсида кўча 2 млндан ортиқ қурилиш майдонини ўз ичига олганини таъкидлади. Лойиҳа натижасида ҳудудда 14 мингдан ортиқ иш ўрни пайдо бўлади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги мутахассиси Шукрулло Жаҳонгиров. Фото: «Ўзбекистон24» видеосидан лавҳа.

«Кўча лойиҳаси тўғрисида гапирадиган бўлсак, у умумий 11,5 кмни ташкил этади. Унинг қурилиш архитектураси эволюцион кўринишда тақдим этилди. Бу нима дегани, демак ўзимизда мавжуд миллий архитектурани олган ҳолда янги замонавий кўринишдаги бинолар билан синтез қилинади. Кўчанинг кенглигига келадиган бўлсак, 86 м „қизил чизиқ“ этиб белгиланди», — Шукрулло Жаҳонгиров.


Янги Ўзбекистон кўчасидаги бинолар макети. Фото: «Ўзбекистон24» видеосидан лавҳа.

Таъкидланишича, бу ҳудуддан пойтахт марказига олиб борувчи асосий йўл ўтади. Ундан икки тарафида қўшимча, яъни ён йўллар қурилади. Унда меҳмонхоналар, ресторанлар, ҳар хил турдаги хизмат кўрсатиш объектлари бўлади.

Мутахассиснинг сўзларига кўра, бу кўчани Янги Тошкент бошланишининг ўзига хос дастлабки архитектураси бўлади.

Бундан ташқари, президентнинг 30 январдаги тақдимотда берган таклиф ва тавсиялари асосида ўзгартирилган маҳалла марказларини барпо этиш лойиҳаси ҳам кўриб чиқилди.

«Ёшлар ўрганган, инфратузилма борган жойларни танлаш керак. Маҳалла идорасини ҳам шу ерга жойлаштириш мумкин. Шунда бу жойлар маданият ва маърифат ўчоғи бўлади. Бу марказларда миллий ўзлигимиз намоён бўлиши керак», — деди Шавкат Мирзиёев.

Лойиҳадан кўриш мумкинки, бундай марказларда стадион, (баскетбол, воллейбол, шахмат ва бошқа) ўйин майдончалари, кутубхона, компьютерхона, ошхона, қолаверса, 10 кишилик замонавий ҳаммом ҳам бўлади.

Ушбу марказлар жойи бўйича Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги аниқлаб, таклиф киритади.


Маълумки, 2025 йилда Тошкент шаҳрида Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари ўтказилиши режалаштирилган. Бу нуфузли мусобақа учун пойтахтимизнинг Яшнобод туманида Олимпия шаҳарчаси қурилиши лойиҳалаштирилган.

Лойиҳага кўра, шаҳарча марказида олимпия стадиони, унинг икки ёнида ёпиқ спорт мажмуалари, сув спорти саройи, машғулот майдончалари, эшкак эшиш ҳавзаси барпо этилади. Маъмурий бино, ётоқхона, музей ва хўжалик объектлари ҳам қурилади.

Тақдимотда Олимпия шаҳарчаси объектлари қийматини оптималлаштириш чоралари айтилди. Мутахассислар билан муҳокама асосида, мазкур шаҳарча лойиҳаси тасдиқланди. Уни сифатли қилиб қуриш зарурлиги таъкидланди.

Президент Олимпия шаҳарчаси лойиҳасини тасдиқлади. Лойиҳа муҳандиси Қодир Ўздемирнинг сўзларига кўра, энди қурилиш ишлари бошлаб юборилади.

Қодир Ўздемир Лойиҳа муҳандиси. Фото: «Ўзбекистон24» видеосидан лавҳа.

«Мазкур олимпия шаҳарчаси нафақат Ўзбекистон учун, балки дунёга [хизмат] кўрсатадиган йирик объект бўлади. Шаҳарча ишга тушгач, минглаб одамлар ишлай бошлайди. Лойиҳа бўйича кўп бош қотирдик. Спортчиларнинг шуғулланиши билан боғлиқ ҳар бир жиҳат ўрганиб чиқилди. Биз учун сифат асосий мақсад бўлади», — деди Қодир Ўздемир.

Президент ҳам мажмуа халққа, ёшларга мулк бўлиб қолишини, шунинг учун биринчи ўринда сифат эканлигини эслатди.

Эслатиб ўтамиз, январь охирларида пойтахтнинг Яшнобод туманида 100 гектар майдонда қуриладиган, Англиянинг «Arup» муҳандислик компанияси томонидан тайёрланган Олимпия шаҳарчаси лойиҳаси суратларини эълон қилгандик.