Пойтахтнинг Яшнобод туманида қуриладиган Олимпия шаҳарчаси лойиҳаси тақдим этилди. У Англиянинг «Arup» муҳандислик компанияси томонидан тайёрланган.

Душанба куни президент Шавкат Мирзиёев лойиҳанинг тақдимоти билан танишди, деб хабар берди унинг матбуот хизмати.

2025 йилда Тошкент шаҳрида Ёшлар ўртасидаги Осиё ўйинлари ўтказилади. Шу сабабли қурилаётган шаҳарчанинг марказида олимпия стадиони, унинг икки ёнида ёпиқ спорт мажмуалари, сув спорти саройи, машғулот майдончалари, эшкак эшиш ҳавзаси барпо этилади.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳодими Шукрулло Жаҳонгировнинг маълум қилишича, лойиҳа 100 гектар майдонга мўлжалланган. Умумий ҳудуд 3 та қисмга ажратилган.

«Биринчи ҳудуддаги қизил линиядан асосий [ташриф буюрувчилар] оқими кириб келади, ҳудуд ичкарисидаги парк ҳамма учун очиқ бўлади. 2-қисм эса спорт бинолари жойлашган ҳудуд. Барча хизмат кўрсатиш ишлари орқа тарафдаги сервис ҳудудида [кўрсатилади]. Ҳудудимизнинг марказида асосий очиқ атлетика биноси жойлашган бўлиб, атрофида кўприк ташкил қилинган», — деган у.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги ҳодими Шукрулло Жаҳонгиров. Фото: «Ўзбекистон24» видеосидан лавҳа.

Унинг сўзларига кўра, мусобақаларни томоша қилиш учун мухлислар қизиқ йўлакли кўприкдан кириб келади ва тамом бўлгач, кўприкнинг остидан чиқиб кетади. Бунинг натижасида ҳаракатланиш қулайлашади ва одамлар ўртасида тиқилинчлар пайдо бўлишининг олдини олади.

Барча шароитлар Осиё Олимпия кенгаши ва халқаро спорт федерациялари талабларига мувофиқ бўлади. Маъмурий бино, ётоқхона, музей ва хўжалик объектлари ҳам қурилади.

Мусобақалардан ташқари вақтда шаҳарча ўқув-машғулот базаси бўлиб хизмат қилиши маълум қилинган. Бу ерда Олий спорт маҳорати институти, спорт федерациялари ва соҳадаги бошқа муассасалар фаолият олиб боради.

Яна бир муҳим жиҳат — шаҳарча жойлашадиган Янги Ўзбекистон кўчаси бўйлаб дарахтлар экилиб, сайилгоҳ ташкил этилади. Ушбу маскан аҳоли учун очиқ бўлади, аҳоли сайр қилиши, спорт билан шуғулланиши учун шароитлар яратилади.


Президент мутасаддиларга ишлар ҳажми ва зарур маблағ миқдорини йилма-йил ҳисоб-китоб қилиб, аниқ режа шакллантириш, қурилиш бўйича тендер эълон қилиш юзасидан кўрсатмалар берди.

Президент матбуот котиби Шерзод Асадовга ёзишича, шу пайтгача ҳеч қайси давлатда ёшлар ўртасидаги Осиё ва Параосиё ўйинлари кетма-кет ўтказилмаган.

Маълумот учун, 2020 йилнинг август ойида Ўзбекистон 2025 йили ёшлар ўртасида бўлиб ўтадиган IV ёзги Осиё ўйинларига мезбонлик қилиши ҳақида хабар берилган эди.

Февраль ойида «Газета.uz» янги аэродром яқинида фақат дарахтзор, бута ва гуллардан иборат дендропарк (155 гектар), шунингдек, унинг ёнида Олимпия шаҳарчаси (160 гектар) қурилиши режалаштирилаётгани ҳақида хабар берилган эди. Чирчиқ дарёсининг қирғоқларида ҳам парк (270 гектар) бунёд этилиши кўзда тутилганлиги айтилган.

Фото

Ëпиқ жанговар спорт ((Дзюдо, кураш, бокс)) мажмуаси.


Чапда жанг санъатлари (таэквондо ва каратэ) мажмуаси, ўнгда қабулхона биноси, Ўзбек қураш институти, идоралар ва музей.

Кўп тармоқли спорт зали ва велодром.

Асосий атлетика стадиони ва ёпиқ атлетика майдони.

Велодром.