Андижон вилоятидаги «Андижон» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости бошлиғи ва 2 нафар ходими ҳибсга олинди, дея хабар берди Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати.

3 март куни Андижондаги «Дўстлик» божхона пости орқали кириб келган юк машинасида ҳужжатларга кўра қиймати 5780 АҚШ долларига тенг юк бўлган.

Бироқ инспекцион кўрик мажмуаси томонидан олинган рентген тасвирлари божхоначиларда тиркамада ҳужжатларда кўрсатилмгана товарлар борлиги ҳақида шубҳа уйғотган. Ушбу постда юк машинасини тўлиқ кўрикдан ўтказиш учун шароит эмаслиги сабабли товарлар «Андижон» ташқи иқтисодий фаолият божхона постига мазкур пост бошлиғини огоҳлантирган ҳолда божхона назорати остида йўналтирилади.

Юк эгалари божхона юк декларациясини тўлдириб, электрон равишда тақдим қилишади. Хавфни бошқариш тизими орқали ушбу декларация автоматик рўйхатга олинади ва «қизил» йўлакка, товарларни божхона кўригидан ўтказиш учун йўналтирилади.

Бироқ орадан 30−40 дақиқа ўтиб, товарлар божхона кўригидан ўтказилмай, божхона омборидан олиб чиқиб кетилади. Юклар чиқиб кетганидан 10 дақиқа ўтиб, товарлар бошқа ходимнинг электрон калити орқали импорт божхона режимига расмийлаштирилади.

Ушбу юк машинаси Давлат божхона қўмитаси раҳбариятининг махсус топшириғига биноан Шахсий хавфсизлик бошқармаси тезкор ходимлари томонидан тезкор кузатувга олингани сабабли Андижон шаҳри «Гулзор» кўчасида тўхтатилади.

Юк автомашинаси божхона омборига қайтарилиб, ундаги товарлар тўлиқ кўздан кечирилганида ҳужжатларда кўрсатилмаган 31 турдаги товарлар (кийим-кечаклар, пойабзаллар, косметика воситалари, тиббий буюмлар ва бошқа товарлар) ортилганлиги аниқланади.

Уларнинг умумий қиймати 5 млрд 565 млн сўмдан ортиққа баҳоланган. Божхона қўмитасининг таъкидлашича, товарлар тегишли тартибда расмийлаштирилса, божхона тўлови 1 млрд 944 млн сўмни ташкил қилган бўлар эди.

19 март куни Давлат божхона қўмитасида коррупцияга қарши кураш масаласида бўлиб ўтган хизмат йиғилишида ушбу ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилгани маълум қилинди ва «Андижон» ташқи иқтисодий фаолият божхона пости бошлиғи ва 2 нафар ходимлари шу ернинг ўзида ҳибсга олинди.