Президент 23 ноябрь куни «Мева-сабзавотчилик ва узумчиликда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш, қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқаришида деҳқон ҳўжаликларининг улушини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги [ПҚ-20-сон] қарорни имзолади. Бу ҳақда Адлия вазирлиги хабар берди.

Ҳужжат билан фермерлар ва кластерларнинг паст ҳосилли пахта ва ғалладан қисқартирилган 200 минг гектар экин майдони 2022−2025 йилларда захирага қайтарилади.

Захирага қайтарилган ерлар сабзавотчилик, полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка учун фуқароларга 0,10 гектардан 1 гектаргача электрон танлов орқали ижарага берилади.

Ижарага беришда деҳқончиликда яхши натижаларга эришган, мутахассисликка эга, «дафтар"ларга киритилган эҳтиёжманд оилаларга устунлик берилади.

100 млн доллар пул банкларга миллий валютада 3 йил имтиёзли давр билан 10 йилга 10 фоиз ставкада жойлаштирилади.

Кредитлар деҳқон ва фермерларга:

  • 100 млн сўмгача 14% ставкада;
  • кичик интенсив боғ ва узумчиликка 3 йилгача имтиёзли давр билан 7 йилгача;
  • полиз, дуккакли, мойли экинлар, картошка ва сабзавотчиликка 3 ойгача имтиёзли давр билан 2 йилгача ажратилади.

Кредитлар янги жорий этилаётган ҳоким ёрдамчилари ёзма тавсиясига асосан берилади.