Автомобиль йўлларида инсон хавфсизлигини ишончли таъминлаш ва ўлим ҳолатларини кескин камайтириш чора-тадбирлари тўғрисидаги президент қарори имзоланди.

Ҳужжатга кўра, Нукус ва Тошкент шаҳарлари, вилоятлар марказларида чорраҳалар тўлиқ рақамли бошқарув тизимига ўтказилади. Бундан ташқари, чорраҳаларда рақамли бошқарув тизими жорий қилинади. Улар қуйидаги даврларда амалга оширилади:

  • 2023 йил якунига қадар пойтахтнинг барча чорраҳаларида, шунингдек, Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларининг йирик асосий серқатнов чорраҳаларида;
  • 2024 йил якунига қадар Нукус шаҳри ва вилоятлар марказларининг барча чорраҳаларида.

Қарор билан туман (шаҳар) ҳокимликларига ўз ҳудудларидаги автомобиль йўлларида йўл ҳаракати қоидалари бузилишини қайд этувчи махсус автоматлаштирилган фото ва видео дастурий-техник воситаларини ўрнатиш ҳуқуқи берилади.

Мазкур дастурий-техник воситалар орқали қайд этилган қоидабузарликлар учун жарима суммасининг 30 фоизи бевосита туман (шаҳар) маҳаллий бюджетига йўналтирилади ҳамда ушбу маблағлар йўл ҳаракатини рақамлаштириш, йўл инфратузилмасини ривожлантириш, шунингдек, йўл-патруль хизмати ходимларининг қўшимча штатларини киритишга сарфланади.

Бундан ташқари, 2023 йил якунига қадар транспорт ва пиёдалар оқими, пиёдалар билан боғлиқ содир этилган йўл-транспорт ҳодисаларининг таҳлили асосида туманлар ва шаҳарлардаги аҳоли гавжум ҳудудларда пиёдалар ўтиш жойларига пиёдалар бошқарадиган светофорлар ўрнатилиши назарда тутилмоқда.

2022 йил 5 апрелдан бошлаб Ички ишлар вазирлиги Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ҳузурида юридик шахс ташкил этмаган ҳолда «Хавфсиз йўл ва хавфсиз пиёда» республика жамғармаси ташкил этилади.

Қуйидагилар жамғарма маблағларини шакллантириш манбалари этиб белгиланади:

  • йўл ҳаракатини ташкил этиш соҳасида ундириладиган айрим жарима, олинадиган йиғим ва тўловлар;
  • эксплуатация-монтаж бўлинмалари учун ҳар йили бюджет параметрларида дастурлар асосида кўзда тутиладиган маблағлар;
  • жамғарманинг вақтинча бўш турган маблағларини тижорат банкларига депозит ҳисобрақамларига жойлаштиришдан олинадиган даромадлар ҳамда қонунчилик ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар.

Жамғарма маблағлари фақат қуйидагилар учун мақсадли сарфланади:

  • йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситалари, уларнинг эҳтиёт қисмлари, ўрнатиш учун белгиланган конструкция ва қурилиш материаллари ҳамда махсус бўёқларини харид қилиш;
  • шаҳарлар ва бошқа аҳоли пунктлари кўчаларида йўл чизиқларини чизиш, йўл ҳаракатини ташкил этишнинг техник воситаларини ўрнатиш, алмаштириш, сақлаш, демонтаж қилиш ва уларга техник хизмат кўрсатишни молиялаштириш;
  • эксплуатация-монтаж бўлинмаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан замонавий махсус техника воситалари билан таъминлаш, уларнинг ходимлари учун ҳар ойлик ва бир марталик рағбатлантириш тизимини жорий этиш;
  • йўл ҳаракати хавфсизлиги соҳасидаги илғор хорижий тажрибаларни ўрганиш, йўл инфратузилмасини ривожлантириш йўналишидаги лойиҳаларни молиялаштириш;
  • мактабгача таълим ҳамда халқ таълими вазирликларига қарашли мактабгача таълим ташкилотлари ва умумий ўрта таълим муассасаларининг тарбияланувчи ва ўқувчиларида йўл ҳаракати қоидалари бўйича бошланғич билимларни шакллантиришга қаратилган моддий-техник ва ўқув базасини яратиш, шунингдек, маҳаллаларда болаларга йўл ҳаракати қоидаларини амалий ўргатиш майдончаларига йўл белгиларини ўрнатиш ва йўл чизиқларини чизиш чора-тадбирларини молиялаштириш.