Миллий банклараро процессинг маркази (МБПМ) Humo карталаридан фойдаланишда 5 апрель куни кузатилган муаммоларга изоҳ берди.

Сешанба куни соат 12:30 дан 13:00 гача терминалларни Humo проcессингига улашда қисқа муддатли қийинчиликлар юзага келди. Соат 13:00га келиб бу ҳолат бартараф этилди ва Humo карталари билан барча операциялар қайта тикланди.

Бироқ, соат 15:00 дан кейин карталардан маблағларнинг икки маротаба ечиб олиш ва муваффақиятсиз транзакциялар натижасида икки маротаба ечиб олишлар кузатилган.

«Келажакда бу каби хавфлар ва носозлик ҳолатлари такрорланмаслиги учун вазият сабаблари тўлиқ аниқланиб, бартараф этилгунига қадар Humo ўз терминаллари ва тўлов иловаларини вақтинча чеклаш тўғрисида қарор қабул қилинди», — дейилади баёнотда.

Маълум бўлишича, ҳозирда мобил иловаларнинг ишлаши қисман тикланган, яқин вақт ичида Humoнинг бошқа барча хизматлари тўлиқ ҳажмда ишлай бошлайди.

МБПМ юзага келган ноқулайликлар учун узр сўради.