Айни вақтда бўлиб ўтаётган видеоселектор йиғилишида Шавкат Мирзиёев март ойи бошида кузатилган шакарга «ажиотаж» мавзусига тўхталиб ўтди, деб хабар берди президент матбуот котиби Шерзод Асадов.

Айрим ҳудудларда шакар нархи асоссиз ошган. Айниқса Жиззах, Самарқанд вилоятлари ва Тошкент шаҳрида мавжуд захиралар ўз вақтида тарқатилмагани сабабли, шакар нархи кескин ошган. «Савол туғилади. Ушбу ҳудудларнинг ҳокимлари ва прокурорлари қаёққа қараган?», — деди президент.

Шунинг учун вилоят, шаҳар ва туман ҳокимлари ҳар куни ўз ҳудудидаги озиқ-овқат, айниқса ун, шакар ва ёғнинг нархини жойларда юриб ўрганади ва барқарорликни таъминлаш учун тезкор тадбирларни кўриб боради.

Айниқса кириб келаётган Рамазон ойида нархларнинг барқарорлигини таъминлаш учун тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиб, нахрларни арзонлаштириш бу улуғ айём кунларида катта савоб эканлигини барча тадбиркорларга тушунтиришлари кераклиги кўрсатиб ўтилди.

Республикага четдан буғдой, ўсимлик ёғи ва шакарни олиб келиш бўйича барча масалалар ҳал қилиб берилгани, энди буни ақл билан самарали ташкил этиш кераклиги таъкидланди.

Эслатиб ўтамиз, март ойи ўрталарида биржада шакар нархи 12 700 сўмга, чакана савдода эса 1 кг учун 16 минг сўмга етди.

17 март куни Монополияга қарши курашиш қўмитаси ҳар бир лотда кунига камида 2000 тонна шакарни биржа савдолари орқали сотиш бўйича кўрсатма берди. Бундан ташқари, ҳар бир харидорга бир савдо сессиясида барча иштирокчилар учун тенг шароитлар таъминланган ҳолда 20 тоннадан ортиқ бўлмаган миқдорда сотишга рухсат берилди.

Айни вақтда Россия, Қозоғистон ва Қирғизистонда ҳам шакар маҳсулотларига талаб юқори бўлиб қолмоқда. Бу давлатлар расмийларига кўра, шов-шувга чайқовчилик ва сунъий тақчиллик сабаб бўлмоқда.

24 мартга келиб, шакарнинг биржа нархи қарийб 30 фоизга — 8735 сўмгача арзонлашди. Хоразм шакар заводи вакили нархларнинг ошишида «ваҳима ичида катта ҳажмдаги маҳсулотларни сотиб олиб, нархларнинг сунъий равишда ошишига сабаб бўлган» тадбиркорларни айблади.