Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг ахборотига мувофиқ, 2022 йил муборак Рамазон ойининг бошланиши 2 апрель кунига тўғри келади.

Бу президент 31 март куни «Муборак Рамазон ойини муносиб тарзда ўтказиш тўғрисида»ги қарорида қайд этилган. Ҳужжат ЎзАда эълон қилинди.

Унга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари Дин ишлари бўйича қўмита, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда жамоат ташкилотлари билан биргаликда Рамазон ойини миллий анъана ва қадриятларга мос ва муносиб тарзда ўтказишга доир чора-тадбирларни амалга оширади.

Мазкур тадбирларни ўтказишда ушбу муборак ойнинг мазмун-моҳиятида мужассам бўлган инсонийлик, шукроналик, сабр-қаноат каби фазилатларни эъзозлаш, мамлакатдаги тинч ва фаровон ҳаётни қадрлаш, оилалар ҳамда маҳаллаларда меҳр-оқибат ва ўзаро ҳурмат муҳитини мустаҳкамлаш, эҳтиёжманд, ижтимоий ҳимояга муҳтож кишиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга хизмат қиладиган маърифий тадбирлар ва тарғибот ишларини ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилади.

Аввалроқ, Ўзбекистон Мусулмонлари идорасининг таровиҳ намозларида хатм қилинадиган Қуръони карим тақсимоти жадвалида таровиҳ намозлари 1 апрелдан бошланиши кўрсатилганди. Бунга қадар эса Қорақалпоғистонда Рамазон 2 апрелдан бошланишини эълон қилганди.

31 март куни президент видеоселектор йиғилишида Рамазон ойида нархларнинг барқарорлигини таъминлаш учун тадбиркорларга амалий ёрдам кўрсатиб, нахрларни арзонлаштириш бу улуғ айём кунларида катта савоб эканлигини барча тадбиркорларга тушунтириш кераклигини таъкидлаганди.